ШИЖОАТ БИЛАН ИШЛАШГА УНДАЙДИ

Янгиланаётган Ўзбекистонимизда ҳар соҳада бўлгани каби маданият, санъат, адабиёт ривожи йўлидаги жонланиш, интилишлар кўзга ташланмоқда ва бугунги кунда маданият соҳасига ҳам жуда катта эътибор қаратилмоқда.

Биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6000-сонли Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори биз, маданият ходимларига давлатимиз раҳбари томонидан ўзбек халқининг миллий санъати ва маданиятини намоён этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги қатор имкониятлар эшигини очди, десак муболаға бўлмайди.

Мазкур Фармонда кўрсатилганидек, Наманган шаҳрида «Қўғирчоқ театри»нинг ташкил этилиши, Наманган вилояти маданияти ва тарихи давлат музейида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «Очиқ эшиклар куни» деб эълон қилиниши, шунингдек, концерт-томоша тадбирларига бир марталик йиғим бекор қилиниши, хизматлар бўйича шартнома асосида ҳақ тўланиши, давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкорлар, ижрочиларни жамоатчилик асосида жалб қилинишига йўл қўймаслик, бундан ташқари, жонли ижро орқали ўтказиладиган концерт дастурлари учун ижара тўловига 50 фоиз чегирма берилганлиги, туманимиздаги «Халқ» унвонига эга бўлган ансамбллар ҳамда ёш ижодкор хонанда ва созандалар ўзларининг концерт дастурларини халқимизга намойиш этишлари учун кенг имкониятлар яратилганлиги санъат аҳлини беҳад қувонтирди, албатта.

Энг муҳими, муҳтарам Юртбошимиз томонидан 15 апрель – Ўзбекистон Республикасида «Маданият ва санъат ходимлари куни», деб эълон қилиниши соҳа вакилларига бўлган эътиборнинг юксак намунасидир.

Ҳозирги кунда туман маданият бўлими тасарруфида 6 та маданият маркази фаолият олиб бормоқда. Шундан Бирлашган маданият маркази 495 млн. сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланган.

«Инвестиция дастури»ининг туманда бажарилишини таъминлаш мақсадида туман маданият маркази «Обод марказ» дастури асосида 3998451502 (Уч миллиард  тўққиз юз тўқсон саккиз миллион тўрт юз эллик бир минг беш юз икки) сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланди. Марказ қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан белгиланган тартибда жиҳозланмоқда.

Шунингдек, тизимдаги маданият марказларида 10 та йўналиш (ашула, рубоб, мақом, рақс, доира, эстрада, ғижжак, актёрлик маҳорати, тасвирий санъат, бичиш-тикиш) бўйича 19 та бадиий ҳаваскорлик тўгараги мавжуд бўлиб, уларда 266 нафар ёш санъат сирларини ўрганиб келмоқда.

Бундан ташқари, туман маданият марказида «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли, «Уйчи тонги» фольклор-этнографик халқ ансамбли, истеъдодли ёшлардан иборат «Бойчечак» болалар рақс, «Парвоз» ўсмирлар, «Ифтихор» ёшлар ижодий жамоалари ҳамда 18 ёшдан 31 ёшгача «Ёшлар клуби», «Баркамол ёшлар» театри фаолият олиб  бормоқда.  

Юртбошимизнинг биз, маданият ходимларига кўрсатган шундай ғамхўрликларига сидқидилдан меҳнат қилиб, янгича ғайрат-шижоат билан ишлаймиз.

Эльмира ДЖАНБЕКОВА, туман ҳокимлигининг маданият бўлими мудири.