ЎЗИНГИЗНИ ОИВ КАСАЛЛИГИДАН САҚЛАНГ
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2020 йил 21 майдаги «Меҳнат мигрантларини ОИВ инфекциясига текшириш бўйича бир ойлик акция ўтказиш тўғрисида»ги 119-сонли буйруғи асосида чет элларда 3 ойдан ортиқ вақт бўлиб, Ватанимизга қайтган мигрантларни ОИВга 21 майдан 21 июнгача бепул текшириш акцияси давом этмоқда.
Чет элга бориб, ишлаб келган меҳнат мигрантларини даволаш муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган. Тиббий кўрик вақтида улардан ОИВ, таносил ва бошқа касалликларга қон намунаси олиб текширилмоқда ва текшириш натижасида юқорида кўрсатилган касалликлар ҳам аниқланмоқда. Агар меҳнат мигрантлари ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтса, ўзини ва оила аъзоларини ОИВ деган юқумли касалликлардан асраган бўлади.
Ҳозирги вақтда ОИВ касаллигини даволайдиган махсус дори-дармон йўқ. Ишлаб чиқарилаётган ретровирусларга қарши дори-дармонлар ОИВ вируси кўпайишининг олдини олиб, бемор умрини узайтиради, холос.
Шунинг учун ҳар бир фуқаро оилада, жамиятда соғлом турмуш тарзига амал қилиши, ахлоқан ва маънавий пок бўлиши, гиёҳвандлик, майпарастлик, фоҳишабозлик ва бошқа иллатлардан йироқ бўлиб, ўзи, оиласи, жамиятни ОИВ касаллиги ва бошқа юқумли касалликлардан асраши лозим. Ўзингизда ОИВ касаллиги аломатларини сезсангиз, Наманган шаҳар, «Ғалаба» кўчаси, 4-уйда жойлашган вилоят ОИТСга қарши кураш маркази қошидаги аноним хоналарга мурожаат қилинг. У ерда ОИВ инфекцияси бўйича ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавоб топасиз. Аноним хоналарда шахсни сир тутган ҳолда хизмат кўрсатилади. Истасангиз, бепул лаборатория текширувидан ўтишингиз мумкин.
Аъзамжон РАҲИМОВ,
Ҳошимжон АБДУРАҲМАНОВ, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари.

