КАСБИМДАН ФАХРЛАНАМАН

Ҳозирги вақтда бутун дунё, қолаверса, мамлакатимизни коронавирус пандемияси қақшатиб турган пайтда шифокорларимиз қаҳрамонлик билан хизмат қилмоқдалар. Бу пандемия бамисоли қуролсиз уруш, демакдир. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси даволовчи шифокори Отабек Нуриддиновни суҳбатга тортдик. У ўз иш фаолияти давоми-даги таассуротлари билан ўртоқлашди.

-Менда шифокорлик касбига ҳавас мактабда ўқиб юрган кезларимда уйғонган. Айниқса, қалби ўзидай пок оқ либосли тиббиёт ходимларини кўриб, уларга ҳавас қилганман. Мана орзумга етишдим. Халқим учун керакли бўлган пайтимда сидқидилдан хизмат қилмоқдаман. Айни вақтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида иккинчи карантин муддатида ишлаяпман. Биринчи иш фаолиятимда 12 нафардан зиёд коронавирусга чалинган беморни даволаб, реабилитацияга кузатдик. Иккинчи карантин муддатимда эса 8 нафар бемор тузалди. Даволаш жараёнида ўзига яраша қийинчиликларга учрадик, аммо сабр ила даволаш бўйича стандартлар ва меъёр асосида вирусга қарши препаратлар, антибиотиклар билан даволаш ишлари олиб борилди. Қувонарлиси, пандемия бошлан-гандан буён тузалиб, шифо топган беморларимизда қайта ушбу вирус аниқланмади. Давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Мен ўз касбим билан фахрланаман. Азизбек АБДУҒАНИЕВ суҳбатлашди.