МУВАФФАҚИЯТЛИ ЎТДИ

Туман ҳокимининг 2020 йил 19 февралдаги «Туман ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида транспорт воситаларининг 2020 йилда мажбурий техник кўриги ташкил қилинмоқда.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар»  вилоят ташкилоти тасарруфидаги туман ўқув-спорт техника клубида ўқув автомобиллари техник кўрикдан ўтказилди.

Клуб ҳовлисида барча транспорт воситалари  кўрикка ҳозирланди. Дастлаб вилоят ИИБ ЙҲХБ транспорт воситаларини техник хизмат УНТЭ бўлими бошлиғи, подполковник Фазлиддин Ўролов, туман ИИБ ЙҲХГ катта инспектори Дилшодбек Чўлпонов, маъмурий амалиёт нозири Нуриддин Абдуллаев, туман ЎСТК бошлиғининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Шоҳруҳ Бойдадаев техник кўрикдан кўзланган мақсад, ўқув автомобилларидаги мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш, техник созлигини таъминлаш чора-тадбирлари хусусида  фикрларини билдиришди.

Ф.Ўролов ўз сўзида биринчи навбатда  транспорт воситалари карантин қоидаларига мос равишда дезинфекция қилиниши  ҳамда ўргатувчи усталар карантин талабларига қатъий риоя этишлари, техниканинг созлиги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, туманда содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари ва унинг натижасида келиб чиқаётган ҳолат юзасидан ҳам қисқача маълумот бериб ўтилди.

Шу куни туман ЎСТКдаги мавжуд 24 та ўқув автомобили техник кўрикдан ўтказилиб, якунда барча ишчи-ходимларга техникаларнинг созлигини таъминлаш бўйича вазифалар тақсимланди.

Исмоил МАВЛОНОВ, туман ЎСТК бошлиғи.