ОБОДЛИК КЎНГИЛДАН БОШЛАНАДИ

Туман ҳокимлигининг кичик мажлислар залида «Жонажон юртимнинг ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман» шиори остида «Обод хонадон, кўча, маҳалла» тамойили асосида маҳаллалардаги хонадонлар, кўчаларни обод қилишга бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги олдидан ўтказиладиган мазкур оммавий тадбирларда барчани фаолликка чақирилди.

Мулоқотда маҳалла ва оилани қўллаб-қуввалаш вилоят бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ирода Қўчқорова иштирок этди ва сўзга чиқди.

******

Обод ва гўзал бўлган гўшалар файзи, таровати ҳам ўзгача бўлади. Мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги олдидан «Жонажон юртимнинг ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман» шиори остида бошланган хайрли ишлар ҳамюртларимизни янги ташаббуслар сари ундамоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тавсиялари асосида июнь-август ойларида республикамизнинг барча маҳаллаларида хонадонлар ва кўчаларни обод, кўркам қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада туманимиздаги 56 та МФЙдаги кўчалар ва хонадонларда ҳам тарғибот ишлари бошлаб юборилди. Ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда кам таъминланган, якка-ёлғиз фуқаролар хонадонлари ўрганилмоқда, уларга зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Маҳаллаларда ташкил этилган «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ва «Бувижонлар мактаби» жамоатчилик кенгашлари аъзолари, ижтимоий фаол кексалар кўмагидан фойдаланиляпти.

«Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизимни барча маҳаллаларда жорий этиш, ёшлар, аёллар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағал оилаларни камайтириш бўйича ҳар бир маҳаллада аниқ дастурлар ишлаб чиқилиб, уйма-уй юриб, маҳаллабай ёрдамга муҳтож оилаларни «Ўзини ўзи банд қилиш» эвазига камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Ёркатай МФЙда ташкил этилган кўргазмали семинарда республика, вилоят, туманнинг масъул раҳбарлари иштирок этиб, навбатдаги муҳим вазифаларни белгилаб беришди.

Семинарда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқиб, туман прокурори раҳбарлигидаги 2-секторда жойлашган Ёркатай маҳалласининг «Навбаҳор» кўчасида ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» тамойили остида олиб борилаётган фаолият ҳақида тўхталиб ўтди. Семинарнинг амалий қисми «Навбаҳор» кўчасидаги  хонадонларда давом этди.

Отабек МУРАДОВ, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлинмаси бош мутахассиси.