МАРДОНАВОР МЕҲНАТИМИЗ БИЛАН ЕНГАМИЗ
Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Барчани ташвишга солаётган катта хавф – коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш ғоят долзарб масалага айланди.
Минг афсуски, бу офат юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Туманимизда ҳам эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Куни кеча муҳтарам Юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифлари ва маърузалари давомида вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш бўйича белгилаб берган вазифалари келгуси фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мамлакатимиз раҳбарининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони, «Аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, туманимизда 213 минг доимий аҳоли мавжуд бўлиб, уларнинг 85,7 минг нафари банд аҳоли ҳисобланади. 117,4 минг нафари меҳнатга лаёқатли аҳоли. Улардан ишсизлари 9057 нафар ёки иқтисодий фаол аҳолининг 9,6 фоизини ташкил этади.
Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келган аҳоли қатламини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, вақтинчалик иш ўринларидан айрилган ва кунлик даромад манбаидан узилиб қолган ҳамда чет элдан келган, чет элга қайтиб кета олмаган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларнинг таҳлили секторбай ҳар бир маҳаллалар кесимида ўрганиб чиқилди. 1920 та оиланинг 8778 нафар аъзоси «темир дафтар»га киритилди. Май-июнь ойларида 1077 та оилани камбағалликдан чиқарилиши белгиланган. 2020 йил 15 июнь ҳолатига «темир дафтар»га киритилган 1920 та ночор, камбағал оиладан 1077 таси тегишли далолатнома расмийлаштириш орқали ишчи гуруҳнинг хулосасига асосан камбағалликдан чиқарилмоқда. Қолган 843 та оилани июль-декабрь ойларида даромад манбаи яратилгандан сўнг, камбағалликдан чиқариш режалаштирилган. Ўтган даврда 225 нафар фуқаро доимий, 618 нафар фуқаро мавсумий иш билан таъминланди.
Даромад манбаини яратиш мақсадида 150 та оилага 326,1 млн. сўмлик 652 бош парранда, 178 та оилага 728,4 млн. сўмлик 601 бош қўй, 109 та оилага 952 млн. сўмлик 119 бош қорамол, 11 та оилага 6,8 млн. сўмлик 18 та қути (оила) асалари олиб берилди ва 67 та оилага 360,3 млн. сўм маблағ эвазига иссиқхоналар қурилди. Жумладан, Дўстлик, Файзиобод маҳаллаларида истиқомат қилувчи 8 нафар кам таъминланган фуқарога субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди.
«Саховат ва кўмак» умуммиллий ҳаракати жамғармаси томонидан кам таъминланган оилаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳар доим эътиборда бўлмоқда. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси қошидаги «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан 1920 та оилага жами 282,1 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Талабнома асосида туман тиббиёт бирлашмаси Наманган вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази орқали 105 турдаги 90056 дона, 305 миллион 452 минг сўмлик, шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобидан 40 турдаги 21990 дона, 429545850 сўмлик шахсий гигиеник ва ҳимоя воситалари билан таъминланди. Бундан ташқари, бюджет маблағлари ҳисобидан 44 турдаги 73 миллион 985 минг сўмлик, мурувват ёрдами ҳисобидан 86 турдаги 24 милллион 729 минг сўмлик, жами 149 миллион сўмдан ортиқ дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар олинди.
Туман ҳокимлиги томонидан пандемия даврида коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирларини ўтказиш учун туман санитария-эпидемиология осойишталик марказига 32 млн. сўмлик дезинфекцияловчи воситалар, 7 млн. сўмлик автотранспорт воситаларини зарарсизлантириш учун махсус мослама ҳамда 5 млн. сўмлик махсус кийим-бош олинишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Бугунги кунга қадар туманимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати қайд этилган 34 нафар фуқародан 31 нафари ёки 91 фоизи тўлиқ соғайиб, касалхонадан чиқарилди. Касалликка чалиниш ҳолатлари, минг афсуски, яна учрамоқда. Охирги маълумотларга кўра, туманимизда яна 2 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси бирламчи ҳолатда аниқланди.
Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, туманимиз яна «қизил ҳудуд» тоифасига ўтказилди.
Шундай экан, тартиб-қоидаларга барчамиз амал қилишимиз ва бирдам бўлса-да, ҳушёрликни бой бермаслигимиз даркор.
Коронавирус пандемияси даврида карантин муассасаларида олиб борган фаолиятлари учун туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда туман санитария-эпидемиология осойишталиги мар-казининг ходимларига 507 ҳолатда Инқироз жамғармаси маблағлари ҳисобидан 595 млн. сўм 6 фоизлик қўшимча иш ҳақлари тўлаб берилди. Бундан ташқари, туман ҳокимининг фармойишларига асосан тиббий ҳимоя кийимлари, анжомлар ва дезинфекция воситалари учун 95,4 млн. сўм маблағ ажратилди.
Карантин қоидаларига риоя этиб, эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик фаолиятини тўхтатмасликка ҳаракат қиляпмиз.
Карантин муносабати билан тадбиркорларга берилган солиқ, кредит ва бошқа имтиёзлар бўйича жорий йилнинг 1 октябрига қадар бир ойда 404 млн. сўм, олти ойда, яъни имтиёз даврида 2,5 млрд. сўм маблағ тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолиши кутилмоқда.
Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан имтиёз берилди. Бунинг натижасида бир ойда 2100 нафар тадбиркор 234 млн.сўм даромадга эга бўлади.
2020 йил 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди. Шунингдек, тумандаги 175 та тадбиркорлик субъектига 4 млрд. 470 млн. сўм кредит қарздорликларини қайтариш муддати узайтириб берилди. «Ҳар бир оила – тадбиркор» Давлат дастури доирасида 2020 йилда 46 млрд. 400 миллион сўм кредит ажратилади.
Кредит маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида ресурс маблағларининг 70 фоизи иш ўрни яратадиган кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига, 30 фоизи уй шароитида ўзини-ўзи банд қиладиган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда. Бунинг эвазига 720 дан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланади.
Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш дастурлари доирасида 216,2 млрд. сўмлик 66 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 683 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Карантин даврида даромадини йўқотган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича 814 та доимий янги иш ўринлари яратилди.
Иқтисодий барқарорликни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида Юксалиш шаҳарчасидаги 8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдонда кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Бу ерда умумий қиймати 200 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишда асосан тадбиркорларнинг 150 миллиардга яқин ўз маблағлари жалб этилиши кўзда тутилган. Қолаверса, мингга яқин янги иш ўринлари яратилади.
Ёркатай МФЙ ҳудудидаги «МEGA TEKSTIL» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Азиз ҳамюртлар! Туманимиз иқтисодиёти ва унинг равнақи бундай даврда омилкорлик билан иш юритишни талаб этади. Шундай экан, барчамиз бир мақсад йўлида бирдам, ҳамжиҳат ва жипс бўлсак, албатта, қийинчиликларни мардонавор меҳнатимиз ва фидойилик билан енгиб ўтамиз. Халқимизга садоқат билан хизмат қилиш йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, сўнмас шижоат тилайман.

