АДЛИЯ БЎЛИМИ ФАОЛИЯТИ ФАОЛЛАШМОҚДА

Жорий йилнинг биринчи ярми давомида бўлимимиз томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳокимларга ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича туман ҳокимлигига 12 та, бошқа давлат органларининг туман тузилмаларига 136 та, жами 148 та ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ҳуқуқий маслаҳатлар орқали 3 та қонун, 4 та Президент Фармони ва қарорлари, 10 та Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини ташкил этиш бўйича услубий кўмак кўрсатилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш йўналишида туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг тумандаги тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига ҳуқуқий маслаҳатлар, тегишли кўрсатма хатлар киритиш орқали услубий раҳбарлик қилиб, уларнинг бу борадаги фаолиятини доимий мувофиқлаштириб бориш мақсадида муаммоли вазиятларга ҳуқуқий ечим топиш ва уларни қонуний ҳал этиш учун ўзаро ҳамкорликда самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Республикамизда қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туман тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, «Республика-вилоят-туман-маҳалла» принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида бўлимга келиб тушган 757 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат органлари ва ташкилотларига етказилиши таъминланди. Уларнинг 23 таси Ўзбекистон Республикаси қонунлари, 30 таси Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, 180 таси Президент ҳужжатлари (шундан 48 та фармон, 132 та қарор), 349 таси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, 130 таси вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг буйруқлари ҳамда қарорлари, 45 таси маҳаллий давлат ҳокимияти қарорларини ташкил этади.

Шунингдек, бўлим томонидан тумандаги давлат идоралари ходимлари ва аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий билимларини мунтазам янгилаб боришга шарт-шароит яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида давлат идоралари, МФЙ ходимлари ва фуқаролар учун алоҳида-алоҳида гуруҳ ва каналлар ташкил қилинди. Жумладан, «Янги қонун ҳужжатлари» канали орқали тумандаги 4 та секторлар кесимида ҳамда барча давлат ташкилоти ва муассасаларига янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни етказиб бериш йўлга қўйилган бўлса, «Маҳалла ҳуқуқий тарғиботи» гуруҳи орқали МФЙ ходимларига қонунчиликдаги янгиликлар, ҳуқуқий маълумот ва мақолалар билан танишиш имконияти яратилди.

Туман (шаҳар)лар ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш соҳасида жорий йилнинг февраль ойида туман ҳокимининг «Туман ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги 94-сонли норматив-ҳуқуқий тусга эга қарори лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, қабул қилинди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг туман тузилмаларида жами 10 та ўрганишлар ва 5 та мониторинг ўтказилди. Унда жами 4270 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, 36 та тақдимнома, 8 та маъмурий таклиф киритилди. Ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида бир қатор идоралар томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётида йўл қўйиб келинаётган хато ва камчиликларга чек қўйилди. Шунингдек, ўтказилган таҳлиллар умумлаштирилиб, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 45 та таклиф ишлаб чиқилди ва вилоят адлия бошқармаси орқали Адлия вазирлигига тақдим этилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш соҳасида жисмоний ва юридик шахслардан жами 237 та мурожаат келиб тушди.

Келиб тушган мурожаатларнинг 215 таси ҳал этилиб, шундан 193 та мурожаат (90 фоиз) қаноатлантирилди, 22 та мурожаат (10 фоиз) бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 16 та мурожаат кўриб чиқиш учун тегишлилигига кўра бошқа ташкилотларга юборилди, 4 та мурожаат кўрилмай қолдирилди ва  2 та мурожаат 2-ярим йилликка қолдиқ бўлиб ўтди. Қаноатлантирилган мурожаатлар асосида тегишли ташкилотларга қонун ҳужжатларининг бузилиши ва уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни бартараф этиш, айбдор мансабдор шахсларга тегишли чораларни кўриш юзасидан 9 та тақдимнома, фуқаролар манфаати юзасидан судларга жами 75 млн. 135 минг сўмлик 12 та даъво аризаси киритилди ва суд томонидан мазкур аризалар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.

Келиб тушган мурожаатларни тумандаги 4 та сектор кесимида таҳлил қилинганда, 1-сектор ҳудудидан 66 та (28 фоиз), 2-сектор ҳудудидан 20 та (9 фоиз), 3-сектор ҳудудидан 55 та (23 фоиз) ҳамда 4-сектор ҳудудидан 96 та (40 фоиз) мурожаат бўлим иш юритувига олиниб, қонуний кўриб чиқилди.

Туман адлия бўлими келгусида юқоридаги масалалар бўйича ўз фаолиятини янада яхшилаб боради.

Ҳ.ҚОБИЛОВ, туман адлия бўлими бошлиғи.