БРУЦЕЛЛЁЗДАН САҚЛАНИНГ
«Медицина инсонни даволайди, ветеринария инсониятни даволайди», -деган эди академик А.Павлов. Чиндан ҳам, ҳайвонлар соғ бўлса, унинг маҳсулотларини тановул қилган инсонлар саломат ва бақувват бўлади. Бунинг учун ҳайвонларни турли касалликлар, жумладан, бруцеллёздан асраш лозим. Бу сурункали кечадиган юқумли хасталик бўлиб, инсонлар ва ҳайвонлар касалланади.
Касаллик, асосан, касал ҳайвон ва унинг маҳсулотлари орқали тарқалади. Одамларга эса касал ҳайвонлар билан алоқада бўлганда, гўшт ва сут орқали, касал ҳайвоннинг туғишида ёрдам кўрсатиш пайтида юқади. Одамлар учун қўй-эчкилар бруцеллёз касаллигининг қўзғатувчиси brucella melitenzis ўта хавфлидир. Ҳайвондан ҳайвонга касал ҳайвоннинг ахлати, сийдиги ва сути орқали ўтади.
Ушбу касаллик қўзғатувчисини инглиз олими Д.Брюс 1887 йили Ўрта ер денгизининг Мальта оролида нобуд бўлган аскарлар танасидан соф ҳолда ажратиб олган ва мелитензис деб атаган. Касаллик қўзғатувчиси эчки сути орқали одамларга ўтган эди.
Касалликнинг ҳайвонлардаги клиник белгилари: ҳайвонларда бўғозлигининг иккинчи ярмида бола ташлашлар кузатилади, нимжон ёки яшашга лаёқатсиз ҳомиланинг туғилиши, эндометрит, мастит, қўчқор ва такаларда эпидидимит, орхит (моякнинг катталашиб кетиши) кўринишида кечади ҳамда ҳайвонларнинг маҳсулдорлиги пасайиб кетади. Сигирлар туққанидан сўнг йўлдоши ўз вақтида ажрамайди (тушмайди).
Касаллик одамларга юққанда бўғинлар оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши ва ҳолсизланишлар кузатилади.
Касалликнинг олдини олиш чора-тадбирлари:
-янги сотиб олинган чорва моллари тўғрисида 7 кун мобайнида ҳудудга хизмат кўрсатувчи ветеринария мутахассисига мурожаат этиш, улардан бруцеллёз касаллигига текшириш учун қон намуналарини текширтириш;
-бруцеллёз касаллигига қарши профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш;
-хонадонлардаги мавжуд чорва ҳайвонларини йилда бир маротаба бруцеллёз касаллигига текширтириш;
-хонадонларда боқилаётган чорва ҳайвонларида ўзгариш сезилса, зудлик билан ветеринария мутахассисига хабар бериш.
Мажбурий сўйилаётган чорва ҳайвонларини ветеринария кўригидан ўтказилгандан сўнг сўйиш ҳамда ички органларини ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси текширишларидан ўтказиб, истеъмолга чиқаришга рухсат берилади. Гўшт дўконларидан гўшт харид қилишда, албатта, унинг келиб чиқиши, қаерда сўйилганлиги ва текшириш хулосалари билан қизиқинг.
Ҳурматли ҳамюртлар!
Аввало, оилангизни, яқинларингиз ва фарзандларингизни ушбу касалликдан асраш учун юқорида қайд этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилинг, айниқса, текширилмаган эчки сути истеъмол қилманг. Туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази.

