«МАРКАЗИЙ СТУДИЯ» УЧУН НАМАНГАНДАН ЖАСУР РАҲМОН
|Креатив, шижоаткор, замон билан ҳамнафас ёшларни бир жойга жамлай олган «Менинг юртим» телеканали жамоасида ҳамюртимиз Жасур Раҳмон ҳам бор.
Унинг таъкидлашича, дастлаб иш фаолиятини «Sports.uz» сайтида бошлаган ва 2018 йил декабрь ойида «Менинг юртим» телеканали томонидан спорт журналисти сифатида ишга таклиф қилинган.
«Тил билган – эл билади», нақлига амал қилувчи Жасур Раҳмон инглиз, рус тилларида сўзлаша олади. Доимо замондошлари ўртасида ҳурматга сазовор бўлган.
У ёшлигидан жуда ҳам қизиқувчан, интилувчан, билимга чанқоқ бўлганлиги туфайли 5-6 синфданоқ ўз олдига журналист бўлишни мақсад қилиб қўйган. Бу шунчаки орзу бўлиб қолмаслиги учун эса ғайрат-шижоат билан ҳаракат қилади. 2015 йилда унинг «Омад келар, бахтни етаклаб» номли илк китоби нашр қилинди ва оммага ҳавола этилди. Жасур Раҳмон ҳозирги кунда ҳам ижоддан тўхтаган эмас, кўплаб қалб тубига етиб бора оладиган шеърларнинг муаллифи.
Мен ҳам худди у каби ўз касбининг фидойиси, қалами ўткир, халққа севимли журналист бўлишни истайман. Унинг билими, салоҳияти, тенгдошларига қараганда анча илғорлиги ҳавас қилишга етарли сабаб, назаримда. Қолаверса, унинг журналист сифатидаги фаолияти ҳам эътироф этишга арзигулик. Унинг тезкор, холис, халқчил тарзда лавҳаларни тайёрлаши, қандай мавзу ўрганилаётганига қарамай, мавзуга профессионаллик билан ёндашиши, бундан ташқари, ўзига хос овози унга бўлган ҳавасимни орттиради.
Ёш журналистнинг келажакдаги режалари янада улкан. Ўзбекистон жаҳон тиллари университетини тамомлагач, ўқишни Aмерикада давом эттирмоқчи. Aлбатта, унинг бу режалари амалга ошишига биз ҳам тилакдошмиз.
Диёра AБДУРAҲМОНОВA, жамоатчи мухбир.