МИССИОНЕРЛАРНИНГ ПУЧ МАҚСАД ВА ҒОЯЛАРИ

Маънавият инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир.

Руҳий покланиш моддий, табиий асосни эмас, балки моддий бўлмаган асосни англатувчи фалсафий тушунчадир. Шундай экан, руҳан пок инсонни ҳеч қачон на куч билан, на бўхтон сўз билан енгиб бўлмайди. Руҳан пок инсон маънавиятли бўлади. Бир сўз билан айтганда, миллатнинг кучи ана шунда.

Қалбан уйғониш ҳисси фақат инсонга хос туйғудир. Ахир чақалоқ дунёга келиши биланоқ, унинг қулоғига азон чақирилади, бу азал-азалдан ота-боболаримиздан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган удум. Русийзабон аҳоли эса туғилган чақалоқни черковда чўқинтирса, яна бошқа халқ ўзининг урф-одати билан илк дунёга келган чақалоқнинг туғилишини эътиқоди йўналишида байрам қилади. Чақалоқ ё ислом, ёки христиан, буддавийлик динига мансуб ўлароқ вояга етади.

Миллат, этник, тил, ирк, туғилган жойи, фуқаролик каби хусусиятларидан қатъи назар, бутун ер юзи бўйлаб ёйилган, эътироф этилган жаҳон динлари ислом, христианлик, буддавийлик ҳаммага маълум. Ислом дини жаҳон динлари ичида энг ёши бўлиб, эътиқод қилувчилар сони жиҳатидан христианликдан кейин иккинчи ўринда туради. Ислом VII асрда Арабистон ярим ороли, ҳозирга Саудия Арабистонида пайдо бўлган. Ислом сўзи «итоат», «ихлос» ва «омонлик» маъноларини англатади. Христианлик, буддавийлик динлари ҳам ўзига хос маъно ва мазмун ҳамда тарихга эга.

Бироқ СССР парчаланиб, аввалги республикалар ўрнида мустақил давлатлар юзага келганида, айниқса, янги мусулмон мамлакатлари дуч келган энг катта хатар халқаро миссионерлик ташкилотларининг мазкур давлатларга ёпирилиб келиши ва кенг миқёсда иш бошлашлари бўлди. Улар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам жуда қисқа муддатда, ғоят яхши ташкил этилган тармоқларни вужудга келтиришди. Христианларнинг, ўзлари эътироф этмайдиган, балки ҳатто инкор қиладиган кўплаб ва турли туман секталари  мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари демократия ниқоби остида адлия рўйхатидан ўтиб олди, расмий ташкилот сифатида жойларда ўнлаб ибодатхоналарни қурди ва улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш фаолиятини йўлга қўйди. Ибодатхоналари очиқча ишлагани билан миссионерлар ўзлари асосан яширинча ишлашди ва маккорона услублардан фойдаланишди. Илмга чанқоқ, дунё билан мулоқотга киришишга иштиёқманд халқимиз, табиий, бундай ўқув марказларига мурожаат қилади. Лекин, ўқиш жараёнида, «ўқитувчи»лари асосан миссионерлардан иборат эканлиги маълум бўлди. Улар юртимизга тил ёки компьютер ўргатиш, ҳар хил соҳалар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш учун марказларни ташкил этиб, хайрия ишлари билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлари қиёфасида кириб келишди.

2000 йилнинг бошларида Болалар жамғармаси йўли билан АҚШдан шароити оғир кўп болали оилалар фарзандларига мурувват ёрдами кўрсатиш мақсадида Наманганга келишди. Вилоятнинг бир қатор туманларида, Наманган шаҳрида бўлиб, болаларга мурувват ёрдами бердилар, катталарга эса динимизга зид адабиётларни тарқатганига нима дейсиз? Миссионерларнинг асосий мақсадлари ҳам динсиз бир миллатни динга киритиш эмас, балки мусулмон фарзандларини, кўп сабабларга кўра ҳақ динлари таълимотидан хабарсиз қолган ҳолатидан фойдаланиб, исломдан чиқаришдир. Улар, дин илмидан озми-кўпми хабардорларга рўпара келмайди, асосан, билмайдиганларни «овлайди», ўшаларни йўлдан уради.

Миссионерларнинг ортида турган, уларни катта маблағлар билан таъминлаётган, информация ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турганлар бу давлатларни маданий ва маънавий истило қилиш ва бу ерларда ўзларини  бегонасиратмасдан мустаҳкам ўрнашиб олиш учун миссионерларнинг тузоғига илинганлардан фойдаланади. Бунга тарих ва тажриба гувоҳ.

Масаланинг яна бир томонига эътибор беринг:

«Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш», «виждон эркинлигини таъминлаш» каби сиртдан чиройли ниқоблар остида жамиятни доимий безовта қилиб туриш орқали бошқарувда асабий вазиятини вужудга келтириш, турли-туман матбуот органлари ва нодавлат ташкилотлар воситасида ташвиқот юритиб, ўзларини гўё халқнинг ҳимоясига отланган кўрсатиб, халқнинг «дарди»ни айтиб, давлатга қарши гиж-гижлаш, давлатни эса бу қутқуларни бостириш учун кескин чоралар кўришга мажбурлаш ва мана шу йўл билан халқ ва давлат орасига ўзаро ишончсизлик руҳини сингдириш, миссионерларнинг энг жирканч мақсадларидан биридир.

Ғуломжон  ОЛИМОВ, 6-мактаб ўқитувчиси.