ПАНДЕМИЯ ДАВРИДА ТАРБИЯВИЙ ИШЛАР ВА РЕЖАЛАР
Бугунги cиновли кунларда мактабгача таълим ёшидаги болалар боғчада эмас, балки уйларида машғулотларни давом эттирмоқдалар. Бу жараён телевидение ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган «Ақлвой» дастури бунга мисол бўла олади. «Болажон» телеканали орқали эфирга узатилаётган «Ақлвой» дастурини туманимиздаги барча 3-7 ёшли болалар доимий равишда томоша қилиб, машғулотларда иштирок этмоқдалар.
Туманимизда 3-7 ёшли болалар сони 17780 нафарни ташкил этади, шундан 10513 нафари (59,1 %) мактабгача таълим билан қамраб олинган. Мактабгача таълим билан қамраб олинмаган 7267 нафар (40,9 %) болалар ҳам ушбу кўрсатувни мароқ билан томоша қилиб, машғулотларда ота-оналари ҳамкорлигида фаол қатнашмоқдалар. Жумладан, 8-сонли МТТ тарбияланувчиси Асалхон Тўхтасинова 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «5 ташаббус – 5 имконият» кўрик-танловининг вилоят босқичида фаол иштироки ва «Жажжи мусаввир» ҳамда «Моҳир раққоса» номинацияси бўйича фахрли 1-ўринни эгаллаганлиги учун вилоят мактабгача таълим бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Дурдона Маҳсуджонова эса «Ақлвой» телелойиҳаси доирасида иштирок этиб, Мактабгача таълим вазирлиги мукофотини қўлга киритди.
2020 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни 74,8 фоизга чиқариш учун:
-ҳудудларда 2 та бўш турган бинони аниқлаш ва мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали 210 та қувват;
-2 та модуль ва альтернатив МТТлар ташкил этиш ҳисобига 180 та қувват;
-тумандаги 2 та коллеж ётоқхонаси базасида МТТлар ташкил этиш ҳисобига 200 та қувват;
-30 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этиш ҳисобига (МТТларнинг бўш хоналари, педагогика коллежи, мактаб ва МФЙ биноларида) 900 та қувват;
-50 та нодавлат МТТлар ташкил этиш ҳисобига (4 та хусусий, 6 та ДХШ, 40 та оилавий МТТ) 1685 та қувват яратилади.
Шунингдек, 2 та инвестиция дастури асосида таъмирланаётган мактабгача таълим ташкилотларида қўшимча 170 та қувват яратилади ва туман миқёсида 3345 нафар тарбияланувчи мактабгача таълимга қўшимча қамраб олинади. Бу эса болалар қамровининг 74,8 фоизга ошишини таъминлайди.
Улуғбек МАНСУРОВ, туман мактабгача таълим бўлими мудири ўринбосари.

