УЙЧИНИНГ ҚАҲРАМОН АЁЛИ
Ҳазрат Навоий ҳаётларидан барчага маълум ривоят («Навоий ва мардикор»)нинг мағзи-мазмунида чинакам инсонга хос ҳалол, беғараз, чин дилдан қилинган меҳнат меҳнатсиз ибодатдан устунлиги акс этган. Ҳаётда кимки эл-юрт равнақи, умумманфаати йўлида фидойиларча меҳнат қилган бўлса, эл ардоғига сазовор бўлган.
Туманимиз тарихида шундай инсонлар кўплаб топилади. Улардан, айниқса, деҳқончилик, ризқ-рўз яратиш бобидаги заҳматли ва шарафли меҳнатлари билан тилларда ва дилларда ҳамон яшаётганлари талайгина. Эъзоз ва икром ила тилга олмоқчи бўлганимиз, «Зарбдор» (собиқ «Ленинчи йўл») жамоа хўжалиги пахтачилик бригадири, «Меҳнат қаҳрамони», кўплаб ҳукумат орден-медаллари ва эл-юрт эҳтироми соҳибаси Шарофатхон Дадабоева уларнинг энг пешқадами эди, десак, муболаға эмас.
Уйчи қишлоғида меҳнаткаш, оддий деҳқон оиласида туғилган Шарофатхон опанинг болалиги оғир, очарчилик йилларига, ёшлиги уруш даврига тўғри келганлиги боис оғир дала меҳнатига эрта киришди. Мактабда ҳам тузук-қуруқ таҳсил ололмаган. Аммо ўзидаги қунт, чидам, зеҳн, тиришқоқлик туфайли ҳаёт дарсини чуқур эгаллади. Ундаги қийинчиликдан қўрқмаслик, меҳнатга иштиёқ, одамлар билан инсоний муносабатлар олиб бориш, сўзамоллик, ишнинг кўзини билиб ҳаракат қилиш, меҳнат аҳлига ҳурмат каби фазилатлар ана шу даврларда шаклланди.
Меҳнат фаолияти оддий колхозчиликдан бошланган Шарофат опани 60-йиллар бошида колхоз бошқаруви пиллачилик бригадасига раҳбар этиб тайинлади. Қисқа вақтда соҳа сир-асрорларини пухта эгаллаган бригадир нафақат колхоз, балки туманда пешқадам бўлиб, дастлабки мукофотларга сазовор бўла бошлади. Хўжалик аъзоларининг ярмини хотин-қизлар ташкил этса-да, «опа» деганда, кекса-ю ёш Шарофатхон Дадабаевани тушунарди.
Хўжалик раҳбарияти опадаги ғайрат ва қобилиятни ҳисобга олиб, унга қолоқ пахтачилик бригадаси раҳбарлигини топширди. Бригада жамоасининг «тилини топиб», зафарлар сари рағбатлантира олган опа бир йилдаёқ қолоқликка барҳам берди.
1969 йил опага анчайин масъулиятли, юқори ҳосилли, сорт синаш ишлари олиб бориляпган 1-бригадани ишониб топширдилар. Шундан бошлаб муттасил 17 йил режалар ортиғи билан адо этилди, ҳосилдорлик 60 центнергача етказилди. Опага «Меҳнат қаҳрамони» унвони 1980 йил шу бригада натижаларига кўра тақдим этилди.
Шарофатхон опа 40 йилдан зиёд эркакларга хос оғир меҳнат билан шуғулланган бўлса-да, нолигани, чарчаганлигини биров билмаган. Санаторий, курортларга, саёҳатларга бормаган. Қиш кунлари уйида зерикса, қор остидаги даласидан хабар олгани борар, дала билан «тиллашиб», янги ҳосил учун «шартнома тузиб келарди. (Якка ўзи дала билан, ғўза билан, ҳатто ҳашаротлар билан гаплашаётганини, уларни сизлаб, «6 гектарликда ғўза гуллабдилар», «10 гектарликка ўргимчаккана тушибдилар», -деганларини одамлар кўп эшитишган.) Ўйлаб кўрсак, бунда ҳам қандайдир ҳикмат, синоат, касб-корига ўта юқори ҳурмат бордек туюлади.
Опа виждонли, ҳалол меҳнаткаш ишловчиларга бор меҳрини берарди, уларнинг ҳар қандай муаммоларини ҳал этишга кўмаклашар, аъзоларининг тўй-маросимларини бош бўлиб ўтказар, беморларини даволатиш учун елиб-югурарди.
Дангаса, ёлғончи, айёр, иғвогар одамлар билан чиқишолмас, ундайларни жамоасига йўлатмасди. Жамоада маънавий муҳитни соз сақларди. Опа ўзгалар даласидан пахта териб келиб, режа бажаришни иснод деб билар, бу ишни «халта кўтариб бориш» деб атар, ўзи бу ишни бир умр қилмаган эди.
Юқорида айтилганидек, опанинг бригадасида сорт синаш участкаси бўлиб, уни тажрибали агроном К.М.Австрийский бошқарарди. Константин Михайлович мутлақо ўзбекчани билмас, опа ҳам рус тилини яхши тушунмасди, бироқ улар иккови ўзаро тил топиб, муроса қилиб, маслаҳатлашиб иш олиб бордиларки, натижада пахта режаси ҳам, сорт синаш ишлари ҳам «аъло» даражада бажариларди.
Опа очиқкўнгил, самимий, содда эди. Орденлару унвонлар, мансаблар, депутатлигу делегатликлар заррача бўлсин ундаги бу фазилатларга соя сололмаган.
Шу ўринда садоқатли турмуш ўртоғи Ортиқбой Ҳожиевнинг опани ҳар қадамда қўллаб-қувватлаши, меҳр-оқибати, самимияти, ғамхўрлиги ютуқларга далда бўлганини, одамлар уларнинг муносабатларини доимо ҳавас қилганларини айтиб ўтмоқ жоиз.
Опа салкам 60 йил ҳаёт кечирди, эл-юрт учун қилган заҳматли ва шарафли меҳнатлари асрларга татигуликдир.
Сўнгсўз ўрнида: қаҳрамонимиз вафот этганда, унинг номини абадийлаштиришга туман катталари панжа орасидан қараб, болалар боғчасини унинг номи билан аталган эди. Бугун деярли унутилиб, тилга олинмай қолган. Шу масалада мутасадди ташкилотлар шуғулланиб, опа умрининг сўнгигача меҳнат қилган бригада шийпони кўчасига унинг номи берилса, ғоят мақбул иш бўларди. Охиратлари обод бўлсин.

