КЎҲНА ВА ТАБАРРУК ЗАМИН
ҚИЁСИЙ МАКЕТ
Туманимизнинг географик жойлашуви ҳақида кўпгина манбаларда ўқигансиз, ўргангансиз, тасаввурга эгасиз. Бироқ қуйида келтириладиган маълумотлар орасида сиз учун мутлақо янги бўлган баъзи бир фактлар келтириб ўтилади.
Уйчи харитасини мен бутун Ўзбекистоннинг кичик бир макетига қиёслайман. Мамлакатимиз Ўрта Осиёнинг қоқ марказида жойлашган. Бешта мамлакат билан чегарадош. Туманимиз ҳам бешта туманни (биттаси Қирғизистонда) Наманган шаҳри билан боғлаб туради. Бундан ташқари, Ғарбдан Шарққа қараб чўзилган. Икки дарё каби ҳудудини Шимолий Фарғона канали ва Норин дарёси чегаралаб туради. Қишлоқларини 13 та алоҳида ҳудудга бўлиш мумкин.
Таниқли хонанда Муҳаббат Шамаева «Уйчи қўшиғи» фильмида «Хўп ажойиб юртимиз бор» қўшиғини куйлагани ва «юртимиз» сўзи ўрнига «Уйчимиз» сўзини ишлатганидаям рамзий маънога эгадай туюлади.
МИНГ ЙИЛЛИКЛАР НАФАСИ
Тарихий манбаларда кейинги пайтларда халқимизнинг ўтмишига оид турли бир-бирига зид қарашлар илгари сурилмоқда. Уларда ўзбекларнинг келиб чиқиши XI-XV асрлар оралиғига тўғри келиши ва асосан, кўчманчи халқларнинг турмуш тарзи асосида жамият шаклланганлиги баён этилади.
Юқоридаги фикрлар қанчалик тарихий фактларга таянилмасин, бир қанча баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Уйчининг олис ўтмиши билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар ҳам ушбу илмий қарашларнинг аксини исботлаб берувчи ҳолатларга тўла.
Саркарда Бой Йўғон ва Бежирим ота раҳбарлигидаги аждодларимиз жасорати Уйчининг эрамизнинг мингинчи йилларидан ҳикоя қилади. Ўша кезлари улкан қўшинга эга бўлган душманга қарши қисқа фурсатда қўшин тўплаш, уни юртдан қувиб солиш даражасигача бориш учун жамият қай даражада жипслашган, шаклланганлигини тасаввур этиш мушкул эмас. Бундай жамият асрлар мобайнида тараққий этиб келишини эътиборга оладиган бўлсак, туман ҳали очилмаган манбаларга нақадар бой эканига амин бўламиз.
Бундан ташқари, масаланинг яна бир бошқа жиҳати борки, буниям инобатга олмай, иложимиз йўқ. Ота-боболаримизнинг айнан шу ҳудудга (қўшни туманлар аҳолисига ҳам) тааллуқли бўлган, йилдан-йилга йўқолиб, унутилиб бораётган удум ва анъаналари борки, улар ҳақида кекса авлод вакиллари тасаввурга эгалар. Болалик чоғларимда мен ҳам баъзиларини ўз кўзим билан кўрганман. Масалан, тўй-тантаналар, маъракалар билан боғлиқ ёки табиат ҳодисалари (қуёш, ой тутилиши, кўкламни нишонлаш кабилар)га тааллуқли маросимларни чуқурроқ ўрганадиган бўлсак, Ўрта Осиёга ислом дини тарқалишидан аввал ҳам бу заминда ҳаёт «қайнагани»нинг исботини топишимиз мумкин. Ана шундай кўҳна ва табаррук заминнинг бугунги эгалари эканимизни асло унутмайлик, азиз замондош.
ЁШЛАР ИШОНМАСАЛАР КЕРАК
Нима учун табаррук сўзини қўшиб ишлатдик? Бунга батафсил тўхталамиз. Уйчи халқининг орасида шундай ноёб истеъдод эгалари яшаб ўтганларки, улар эл орасида, унинг бир бўлаги бўлиб, элнинг ўзи каби содда, камтар ҳаёт кечирганлар. Улар ўзларининг бу қобилиятлари оламшумул аҳамиятга эга экани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганлар. Уларни Ванга, Нострадамус ёки Ҳожимуқон, Поддубний, жилла қурса, Кашпировскийлар каби довруғларини ёядиган, реклама қиладиган ҳеч ким бўлмаган. Улар ҳақида икки энли ёзма маълумот ҳам қолдирилмаган. Шу боис аксарият бундай аждодларимизнинг асл номлари ҳам йўқ бўлиб кетган.
Уйчи азалдан паҳлавонлар юрти бўлган. 40-50 боғ ғўзапояни белидан арқон ўтказиб, елкасида уйигача кўтариб чиққан, катта қанор қопга тўла донни орқалаб, пиёда Заркентга бориб келган ўтмишдошларимиз ҳақида эшитганлар, ҳатто кўрганлар бор. Сафари чоғида йўлидан қопағон ит, ҳатто бўри чиқиб қолгандаям, ими-жимида тинчитиб, ҳеч нарса бўлмагандай, қопини орқалаб, манзилида давом этаверган. Бунга оддий бир ҳол деб қаралган. Бир тандир нон ёки бир қозон ошни ўзи еб юборганлар тўғрисидаги гаплар ҳам қулоғимизга чалинган. Бироқ донғи бутун водийга достон бўлган, хон саройларида уюштирилган курашларда биринчилик-ни бермаган полвонларимиз ҳақида ҳаммаям эшитмаган.
ОТАМНИНГ ҲИКОЯСИДАН
«Илгари ҳамма меҳнат қўл кучи билан бажарилган. Шунинг учун мардикорлар ўта бақувват бўлишган. Энг оддий хизматкорнинг ишиниям ҳозирда анча-мунчаси етказиб бажаролмайди. Лекин ўшалар орасидаям 6-7 кишининг юкламасини бир ўзи бемалол бажарадиган полвонлари бўлган. Улар ҳатто бу хизматлари эвазига фақатгина бир марта қоринни яхшилаб тўйғазишга келишишган. Пул олишмаган. Шундаям анча-мунча буюртмачи уларни ишлатишдан воз кечган. Бир марта тўйдириш уй эгасига кўпроққа тушган. Энди уларнинг овқат ейишини бир кўз олдингга келтириб кўргин-а?!»
Ҳанузгача медицинани шошириб қўядиган вирусли гепатит, паротит (тепки), суякнинг очиқ синиши каби хасталикларга одамлар азалдан рўпара келишган. Уйчида ана шу дардлардан зумда фориғ қилувчи «қўли енгил» табиблар бўлган. Ҳатто илон, чаён чаққанда бутун баданга сингиб кетган заҳарни «дам солиш» орқали ҳеч қандай дори-дармонсиз танадан чиқариб юборган инсонлар ҳақидаги гапларга бугун барчаям ишонавермайди.
Бундан ташқари, қанчадан-қанча сўз усталари, хонандалар, лапарчилар, эртакчилар, ҳунарманд усталарни дунёга келтирмаган дейсиз, бу замин. Аскиячиларимиз довруғини эшитиб, аския пайров учун атайин Уйчига Йўлдош Охунбобоевнинг ташриф буюргани ҳақида биладиган ҳам бугун озчилик. Бундай ноёб истеъдод эгалари қайсидир биримизнинг аждодимиз эканидан хабаримиз ё бор, ё йўқ. Бунинг сабаби эса ўша кезлари ёзма адабиётнинг оқсагани, дейиш мақсадга мувофиқ бўлар. Қани энди газета ёки унинг ўрнини тўлдирувчи манба бўлгандами, деворасан киши, беихтиёр. Афсуски, газетамиз ҳам атиги 85 йиллик тарихимизга гувоҳ, холос.
ТИЛИНГДАН АЙЛАНАЙ
Халқимизнинг ўзига хос шеваси бор. Бутун мамлакатнинг ҳеч бир бурчида йўқ бундай лаҳжа. Қўшни туман Чортоқникига ўта яқин. Жиндай фарқланади. Бу фарқни сезиш учун уйчилик ё чортоқлик бўлиш керак. Бу шевани ўрганиш, таҳлил этиш учун манба керагидан ортиқ. Катта бир илмий иш учун асос бўлишга арзирли мавзу.
Постскриптум. Уйчилик онанинг ўғлига шикоятидан:
«Киннигани укангниям об кетмадинг. Эян-чеянроқ ўтирардим. Овангни аяли келувди, жа узуқорайкан. Хап қилиб бўлмайди. Иккаласи бир бўлиб, ўлачча муқатди».
Бунда: Киннимоқ – чўмилмоқ, эян-чеян – эмин-эркин, ова – амаки, аял – бола, фарзанд, жа узуқора – ўта тўполончи, шўх, хап – жим, ўлачча – керагидан ортиқ, муқатмоқ – қийнамоқ маъноларини билдиради.
СЎНГГИ СЎЗ
Туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ўз ҳиссасини қўшган турли миллат вакилларининг ҳам муносиб улуши бор. Уйчи кўп миллатли гўша бўлган азалдан. Рус, украин, беларусь, яҳудий, немис, корейс, татар, қирғиз, тожик, туркман, уйғур… бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Ўзаро ҳамжиҳатликда умргузаронлик қилишган. Дастурхонларимиз тўрида меҳмонда ўтиришган, қўллари кўксида ўзбекона лутф билан мезбон ҳам бўлишган. Барчаси учун Уйчи том маънода Ватанга айланган. Тақдир тақозоси билан кўчиб кетганлари кўзларида шашқатор ёш билан, она тупроғимизни ўпиб хайрлашган. Қанчадан-қанчаси вафотидан сўнг шу тупроққа дафн этишни болаларига васият қилган. Буларнинг барчаси икки муҳим омилга боғлиқ. Бири маконимиз – Хизр назар солган гўша бўлса, иккинчиси – тинчликсевар, тотув ва ҳамжиҳат халқмиз.
Муҳтарам ҳамюртлар! Муқаддас заминимизнинг ўтмишини ёд этувчи ва буюк келажагини белгиловчи куч сизу бизмиз. Кечанинг шукронаси ва эртанинг орзулари бугун билан боғлиқ. Боғловчилик юкини зиммамизга олганимиз ҳам бу улкан шараф ва ишонч. Демакки, буни эплай олишимизга тақдири азалнинг ўзи ишора бермоқда. Бу шонли йўлда қўлни қўлга берайлик, азизлар. Туманимиз ташкил топган кун барчангизга муборак бўлсин. Абдул ҲАКИМ.

