МАЪНАВИЙ ИМОНЛИ ИНСОН ЭДИ

Тилимиздаги «имон» калимаси арабча бўлиб, Аллоҳга бўлган ишонч, ихлос, эътиқод ва садоқат маъноларини ифодалайди. Имоннинг етти талабини тан олиб, уларга қалбан ишонган ва амалда эътиқод қилган одам мўмин-мусулмон, яъни имонли дейилади. Бу диний маънодаги имон бўлиб, ундан ташқари, истеъмолда «умуминсоний маънавий имон» тушунчаси ҳам борки, унда кишилик жамиятида кўпчилик (мўмин-мусулмон бўлмаганлар ҳам) эътироф этган инсоннинг ижобий фазилатлари, ахлоқи, маънавияти, маърифати, маданияти акс этади. Бундай одамларда диний маънодаги имон билан бирга, ишчанлик, мардлик, ватанпарварлик, ташаббускорлик, камтарлик, бурчга садоқат, фидойилик каби инсон маънавиятини гўзаллаштирувчи сифатлар мужассам бўлади.

Дин инкор этилган мустабид тузум даврида халқимиз орасида ана шундай одамлар бор эдики, улар эл-юртга борини бахшида этиб, яшаб ўтдилар. Шулардан бири, эл суйган, ҳурматлаган фидокор инсон Абдуфаттоҳ Эгамбердиев эди.

Абдуфаттоҳ ака 1931 йилда Қизилравот қишлоғида камбағал деҳқон оиласида туғилган. Оила серфарзанд бўлиб, у тўнғич фарзанд эди. 1939-49 йилларда қишлоқдаги 5-мактабда ўқиди. Ундаги билимга чанқоқлик, меҳнатсеварлик, ташкилотчилик ўқувчилик даврларидаёқ намоён бўлди. 1949 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтига ўқишга кириб, 1954 йил инженер-механик ихтисослиги бўйича тамомлади. Меҳнат фаолиятини ўша йили Поп МТСда устахона мудири сифатида бошлади. Сўнг бош инженер, 1956 йилдан Уйчи МТСда катта механик, Норин МТСда бош инженер, директор, бошқарувчи лавозимларида фаолият кўрсатди.

1966-67 йилларда Андижон вилояти «Узсельхозтехника» бирлашмасида бошқарма бошлиғи сифатида ишлаб, сўнг Уйчи тумани «Узсельхозтехника» бирлашмаси бошқарувчилигига тайинланди. Абдуфаттоҳ ака иш фаолияти давомида ўз вазифасини аъло даражада уддалаш билан бирга, Норин, Учқўрғон, Уйчи туманларида партия бюроси, пленуми аъзоси, туман Кенгаши депутати сифатида ҳам фаол жамоатчилик ишларини олиб борди. 1966 йил фидокорона меҳнат-лари «Ҳурмат белгиси» ордени билан тақдирланди.

Абдуфаттоҳ акадаги шижоат, билим, ташаббускорлик, меҳнатга, лавозимга ҳалол муносабатни пайқаган вилоят раҳбарияти уни 1968 йилда Уйчи тумани партия қўмитасига иккинчи котиб этиб тайинлади. Бу вазифани ҳам юқори савияда бажарганлиги учун 1970 йил охирида биринчи котибликка ўтказилди.

Уйчи туманининг юксалиши, тараққиёти, кенгайиши, қишлоқ хўжалиги ривожи, саноатлашуви, ободончилиги, шу даврдан бошланган эди, десак хато бўлмас. Чунки 60-йиллардаги вилоят ва туманларнинг йириклаштиришдек бемаъни сиёсат туфайли Наманган Андижон вилоятига, Уйчи Янгиқўрғон туманига қўшилиши оқибатида анчайин қолоқлашиб қолган эди. Туманнинг янги раҳбари унинг шароитини, одамларнинг руҳиятини яхши билганлиги учун, энг аввало, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга аҳамият қаратди. Соҳани замонавий техника билан таъминлаш, бўш ерларни, адир зонасини ўзлаштириш, ҳосилдорликни ошириш, тармоқларга лаёқатли кадрларни танлаб қўйиш, меҳнат аҳлига зарур шароитлар яратиш, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, бошқарувда адолат, ҳалоллик ва қонунийликни таъминлаш, малакали кадрлар захирасини яратиш каби тадбирлар Абдуфаттоҳ ака фаолиятининг энг устувор жиҳати бўлди. Адирда ташкил этилган совхозлар, сув иншоотлари, Катта Наманган канали, темир-бетон буюмлари заводи, бройлер фабрикаси, Ўнҳаят ипак фабрикаси, Уйчи ип йигирув фабрикаси, «Уйчисельмаш» заводи, Қизилравот пахта тозалаш заводи, пойафзал фабрикаси, кўплаб касалхона, мактаб, боғча бинолари, стадион, кўп қаватли уйлар ва бошқа бунёдкорлик ишлари Абдуфаттоҳ Эгамбердиевнинг 14 йиллик раҳбарлиги даврида амалга оширилди.

Бу инсоннинг ибрат оладиган жиҳати шундаки, юқоридаги ишлар билан мақтанмади, пеш қилмади. Ўзи ҳам қонунбузарлик қилмади, бошқа раҳбарларга ҳам имкон бермади. Пахта далаларини раислардан кўпроқ айланди. Барча соҳаларни бошқаришда мутасаддиларга чинакам устозлик қилди. (Кун чиқмасдан Жданов номли, «Ленинчи йўл» колхозлари даласида шалаббо бўлиб юрганларига ўзим гувоҳман).

Шахсий манфаатига дахлдор ишларни қўл остидагиларга бажартирганини ҳеч ким билмайди. Мен деярли қўшни бўлиб яшаганим учун яхши биламан: ҳовлиларида мол, қўй, товуқ боқиларди. Ўзларидан сут, қатиқ, тухумни орттириб, маҳаллада сўраганларга беришарди.

Турмуш ўртоқлари Турсунхон опа уйларига яқин колхознинг 2 гектар ерида фарзандлари билан баҳордан кузгача меҳнат қилиб, белгиланган пахта режасини ортиғи билан бажарар эдилар. (Райком секретарининг аёли эканликларини бирор марта оғизга олмаганлар). Фарзандларидан ҳам эркатойлар чиқмади, ҳаммалари бирор касб эгаси бўлиб, ҳалол меҳнат билан тинч-тотув ҳаёт кечирмоқдалар.

Абдуфаттоҳ ака 1984 йилдан 1996 йилгача вилоят «Сельхозтехника»си раиси, Охунбобоев номли жамоа хўжалиги раиси лавозимларида фаолият кўрсатди. Ҳалол ва фидокорона меҳнатлари учун кўплаб ҳукумат мукофотларига сазовор бўлди.

2000 йил шафқатсиз ўлим бу бағрикенг, дилкаш дўст, беназир устоз, оилапарвар отани ҳаётдан олиб кетди.

Охиратлари обод бўлсин. Ўинбой МЎМИНОВ.