ТУНДАГИ ТОВЛАМАЧИ

Ўтмишда мутлақ қораланган, бугунимизда айримлар тап тортмай шуғулланаётган қабиҳ бир иллат борки, бу товламачиликдир.

Фуқаро А.Х. эллик ёшни қоралаб қолган бўлса-да, ҳали ҳаётда ўз йўлини тўла топиб ололмаган, на оиланинг, на касб-корининг тайини йўқ ҳолда яшаб келмоқда.

У ўтган йили 18 декабрь куни ярим тунда туман тиббиёт бирлашмасига киради. Навбатчи фельдшер Ж.А.нинг ухлаб ётганидан фойдаланиб, ўзини тунги назоратчи, деб таништиради, уни «сўроқ» қилиб, дўқ-пўписа билан 200 минг сўмлик телефонининг ичини текшириш баҳонасида олиб қўяди. Бинодаги очиқ қолган хоналарни «назоратсизлик, масъулиятсизлик», деб баҳолаб, у ердан 250 минг сўмлик турли ашёларни «далил» сифатида олиб кетади. Бу қилмиши билан у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этади.

Тергов жараёнида А.Х.нинг қилмишлари ашёвий далиллар ва гувоҳлар кўрсатмалари асосида ўз исботини топди. Унинг қилмишига яраша жазо муқаррар.

Комилжон УБАЙДУЛЛАЕВ,

туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси, майор,

Баҳромжон ЗИЁВИДДИНОВ, туман прокурорининг ёрдамчиси.