ШАФФОФ МЕХАНИЗМЛАР ЯРАТИЛАДИ
Қайд этиш керакки, бугунги кунга қадар давлат фуқаролик хизматини, номзодларни очиқ саралаб олиш жараёнини, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлигини баҳоловчи мезонлар тўғрисида ягона қонун мавжуд эмас эди.
Шу сабабли мамлакатимизда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жорий йил 22 май-6 июнь кунлари regulation.gov.uz портали орқали жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Лойиҳага 220 га яқин таклиф ва изоҳлар келиб тушди.
Мазкур Қонун лойиҳаси давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, давлат хизматчиларининг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини объектив ҳамда адолатли танлов асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш кафолатларини ўрнатиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, хизматни ўташ ва тугатиш жараёнларини тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматчиларини касбга лаёқатлилиги ва профессионаллигининг ўсишига шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳаси Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьялардан ташқари барча давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳага кўра, давлат фуқаролик хизматига кириш очиқ мустақил танлов асосида номзодни давлат лавозимига тайинлаш орқали амалга оширилади. Бўш давлат лавозимлари тўғрисида ахборот «Ягона миллий меҳнат тизими» орқали тегишли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади. Давлат хизматчиси ўзига юклатилган хизмат вазифаларини виждонан бажариши, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиши, давлат фуқаролик хизматининг нуфузини туширишга олиб келувчи ҳамда ўз хизмат вазифасини виждонан бажаришга шубҳа туғдирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши, шунингдек, ҳар йили ўзи ҳамда оила аъзоларининг даромад ва харажатлари тўғрисидаги декларациясини тақдим қилишга мажбур.
Бундан ташқари, Қонун лойиҳасида давлат хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимояси масалалари, хусусан, рағбатлантирувчи, компенсация ва кафолатли тўловлар, меҳнат ва ижтимоий таътиллари, пенсия таъминоти, ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ муносабатлар ҳам тартибга солиниши назарда тутилмоқда.
Айтиш мумкинки, мазкур лойиҳа давлат фуқаролик хизмати соҳасида илғор хорижий тажрибаларга асосланган янги тартиб-таомиллар ва шаффоф механизмларнинг яратилишига хизмат қилади.
Орифжон ИБРАҲИМОВ, вилоят адлия бошқармаси масъул ходими. _

