АМАЛИЙ НАТИЖАДОРЛИК

ҳар бир масъул фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони бўлиши керак

Шу куни Овчибулоқ МФЙдаги «Muborak pure silk» МЧЖ бино-иншоотларида амалиётга татбиқ этилган лойиҳалар ҳам кўздан кечирилди.

2-сектор ҳудудидаги 8 гектар майдонда иш бошлаган ушбу истиқболли 12 та лойиҳанинг ижобати натижасида қарийб 200 та иш ўрни яратилди. Жумладан, «Абдулвоҳид Билол Шамсиддин меҳнат» МЧЖ фаолияти эътиборга молик. Тадбиркор Исомиддин Жўраевнинг айтишича, тайёр маҳсулотнинг 90 фоизи экспортга йўналтирилган. Асосан воҳа вилоятларидан келтириладиган гилос, ўрик, шафтоли, олхўри каби мева данаклари қайта ишланиб, ташқи бозорда харидоргир маҳсулотга айлантирилади. Айни мавсумда Туркия, Хитой, Афғонистон мамлакатларига 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар етказиб берилиб, жорий йил якунига қадар бу кўрсаткични 500 минг АҚШ долларига етказиш кўзланган.

Маҳсулот тайёрлаш жараёнининг 30 фоизи корхонада, қолган қисми эса касаначилик асосида аҳоли билан ҳамкорликда олиб борилиши эвазига 100 дан зиёд оила вакилларининг даромади ва бандлиги таъминланмоқда.

Шунингдек, «Ekopoliten plast trade» МЧЖ томонидан иккиламчи хом ашёдан полиэтилен ва ПВХ қувурлари, электр жиҳозлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ҳам диққатни тортди. Тадбиркор Аброрбек Топилдиевнинг билдиришича, 70 минг АҚШ доллари йўналтирилиб, Хитой технологияси асосида суткасига 5 тонна целлофан чиқиндилари қайта ишланмоқда.

Келгусида ишлаб чиқариш кенгайтирилиб, хом ашёдан тайёр маҳсулот олиш ва 50 та иш ўрни ҳам яратиш  режалаштирилган.

Вилоят раҳбари лойиҳаларни кўздан кечириш баробарида тадбиркорларга амалий ёрдам бериш ва фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганларга ер майдонлари, банк кредитлари ажратилиши масалаларида масъулларга топшириқ ва вазифалар юклади.

Вилоят ҳокимига ташриф давомида туман ҳокими М.Апақов, сектор раҳбарлари ҳамроҳлик қилишди. Вилоят ҳокимлиги ва туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарлари асосида тайёрланди.