Бўларлар

Жамолингиз кўриб, ақлим лолу ҳайрон бўларлар,

Чашми хумморингиз, санам, офати жон бўларлар.

Ҳаловатдин мосуво этмиш мени ҳилолингиз,

Мужгон ўқин расо айлаб, таранг камон бўларлар.

Ширин жоним нисор этсам, ёнган ёноғингизга,

Нечун олмайсиз бу жонни, танда сарсон бўларлар.

Дил розимни изҳор этсам, менга бир сўз қотмайин

Забонингиз ул ағёрга бунча бийрон бўларлар?!

Ағёр касби ушшоқ аро фитна солмоқ эрурким,

Қутқусидин туйғуларим қалбда нолон бўларлар.

Ҳис этингиз, муҳаббатим қалбингизда қўноқдир,

Ҳайдамангиз асло, гўзал, айланг меҳмон, бўларлар.

Меҳмон демай, қалб тўридан жой берсангиз бир умр,

Бахтли бўлиб каминангиз, кўксим осмон бўларлар.

Ўринбой МЎМИНОВ.