ОНЛАЙН КОНФЕРЕНЦИЯ

Яқинда туман мактабгача таълим бўлими биносида ZOOM дастурида онлайн тарзида таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг V ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Конференция ишида бошланғич ташкилотлардан сайланган 81 нафар делегатдан 67 нафари иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистан касаба уюшмалари федерациясининг Наманган вилояти бўйича меҳнат, ҳуқуқ инспектори Баҳромжон Раҳимбердиев, туман мактабгача таълим бўлими мудири Маҳбубахон Абдуллаева, туман халқ таълими бўлими мониторинг маркази раҳбари Раънохон Жўраевалар ҳамда тизимдаги иш берувчилар вакиллари, бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари қатнашдилар. Дастлаб конференцияни олиб бориш ишчи раёсати, котибият, саноқ комиссияси таркиби сайланди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан кенгаш раиси Мирзамаҳмуд Тўхтабоевнинг маърузаси эшитилди. Иккинчи масала – таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман ташкилоти тафтиш комиссияси ҳисоботини тафтиш комиссияси аъзоси Саидахон Аҳмадалиева ўқиб эшиттирди. Ҳар иккала масала юзасидан 12-мактаб касаба уюшма қўмитаси раиси Ҳ.Шукурова, Уйчи спорт коллежи директори Н.Мамасолиева, «Уйчинома» газетаси муҳаррири М.Қамбаровлар мулоҳазалар билдирдилар. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли деб, баҳоланди. Тафтиш комиссияси ҳисоботи тасдиқланди. Туман кенгаши таркибига 25 нафар, тафтиш комиссияси таркибига 5 нафар, вилоят ташкилоти конференциясига 3 нафар делегат конференция делегатлари таркибидан сайлаб олинди. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Уйчи туман кенгаши раиси этиб бир овоздан Мирзамаҳмуд Тўхтабоев қайта сайланди. Конференция делегатлари иштирокида таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг ташкилий пленуми ва тафтиш комиссияси йиғилишлари ўтказилди. Туман кенгаши раёсати аъзолари, туман ташкилоти тафтиш комиссияси аъзолари таркиби сайланди. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман ташкилоти тафтиш комиссияси раиси этиб Нодирбек Содиқов сайланди.