ТИКУВЧИЛИК КОРХОНАСИ МАҲСУЛОТЛАРИ ЭКСПОРТГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Қўрғонча МФЙ ҳудудидаги «Само тикув сервис» МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди.
Эркаклар устки кийимлари – пальто, пиджак, костюм-шим тайёрланадиган мазкур корхонада кунига 300 та маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда тикилган бежирим дизайн ва сўнгги урфдаги либослар кишига кўрк бағишлайди.
Тадбиркор Аъзамжон Иномовнинг таъкидлашича, атиги уч-тўрт нафар чевар билан иш бошланган, айни пайтда эса ишчи-хизматчиларнинг сони 100 нафардан зиёд. Уларнинг 80 фоизини хотин-қиз ва ёшлар ташкил этади. Ишчилар учун етарли шарт-шароитлар муҳайё этилган бўлиб, ўртача маош миқдори 800-900 минг сўм атрофида. Либослар яратилишида Туркия ва Хитойдан келтирилган замонавий бичиш-тикиш дастгоҳларидан фойдаланилмоқда.
Вилоят раҳбари корхона фаолиятини ўрганиш чоғида қамровни кенгайтириш бўйича умумий қиймати 5 млрд. сўмлик янги лойиҳа билан ҳам қизиқди. Бунда йиллик қуввати 12,2 млрд. сўмлик 150 минг дона тайёр кийим маҳсулотлари ишлаб чиқариш назарда тутилган бўлиб, 120 та иш ўрни таъминланади. Пировардида 1 млн. АҚШ доллари қийматидаги 120 минг дона маҳсулот экспортга йўналтирилади.
Шунингдек, бу ерда 3- ва 4-секторлар ҳудудида жорий этилаётган истиқболли лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 3-сектор ҳудудида 2020-2021 йилларда умумий қиймати 297,3 млрд. сўмлик 59 та лойиҳа киритилган. Шундан ташаббускорларнинг ўз маблағи 202,8 млрд. сўм, банк кредити 38,6 млрд. сўм, хорижий кредит маблағлари 2,2 млн. АҚШ доллари, чет эл инвестиция маблағлари эса 3,3 млн. АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 869 нафар кишининг бандлигига эришилади. 4-сектор ҳудудида 2020-2021 йилларда умумий қиймати 119,7 млрд. сўмлик 33 та лойиҳадаги ташаббускорларнинг ўз маблағи 75 минг АҚШ доллари бўлиб, уларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида яна 373 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

