ТУМАНДА КЎП ҚАВАТЛИ ТУРАРЖОЙ БИНОЛАРИ ҚАД РОСТЛАМОҚДА

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Уйчи туманини ободонлаштириш, инфратузилмасини такомиллаштириш, реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Пастгузар массивида бўй чўзаётган кўп қаватли тураржой биноларини бориб кўрди.

«Қишлоққурилишинвест» МЧЖ буюртмасига кўра, намунавий лойиҳалар бўйича 4 та тўрт қаватли, 2-3 хонали, 96 хонадондан иборат арзон уй-жойлар қурилиши жадал олиб борилмоқда. Ҳозирда бу ердаги ишлар 65 фоизга уддаланди.

10-ХМКК МЧЖ таъсисчиси Ғаффоржон Сулаймоновнинг билдиришича, 4-сектор ҳудудида ҳам жамият томонидан давлат шерикчилиги асосида 4 та тўрт қаватли, 2-3 хонали, 96 хонадондан иборат намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Бу билан кам таъминланган 200 га яқин муҳтож оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондирилади. Мазкур массивда 16 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши кўзда тутилган.

Жамият тасарруфида ғишт ишлаб чиқариш, тош майдалаш, бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги сабабли харажатлар камайиб, турар жойлар таннархи арзонлашишига эришилмоқда. Бу эса келгусида қурилиш кластер тизимига ўтиш учун ўзига хос замин яратмоқда.

Вилоят ҳокими жараён билан танишиб, эндиликда аҳолининг уй-жойга бўлган талаб ва истакларини қаноатлантириш мақсадида 5-7 қаватдан иборат бинолар қуришни тавсия этди. -Юртимизда уй-жой бозори шаклланмоқда. Қурилишда ҳам кластер тизимини ривожлантиришимиз даркор. Бу йўналишда эса Жанубий Корея тажрибасини ўрганиш фойдадан ҳоли эмас. Бугун қизғин жараён кетаётган бу соҳа ва унга боғлиқ тармоқларда кўплаб аҳолининг бандлиги таъминланиб, даромадга эга бўлмоқда. Муҳими, фуқароларимиз арзон, сифатли, бежирим хонадонларда истиқомат қилишдан мамнун ва ҳаётдан рози бўлади, -деди Хайрулло Бозоров.