ТЎХТАХОН ҚОДИРОВА

Тўхтахон Қодирова 1923 йили Бирлашган қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. 1947 йил туман алоқа бўлимида телефонистка бўлиб иш бошлади. Оддий қишлоқлик ўзбек қизи тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги билан ўз устида ишлаб, алоқа техникаси ва рус тилини яхши ўрганди. Замон ўзгаргани боис 1954-1956 йилларда Тўхтахон опа Тошкентдаги алоқа политехникумида таҳсил олди. 1959 йилда Тўхтахон опа Қодировага туман алоқа бўлимини бошқариш масъулияти юкланди. Катта жамоага раҳбарликни маҳорат билан бажариб, лавозимда муттасил 31 йил ҳалол ишлади.

Тўхтахон опа алоқа бўлимига келган пайтида туманда бармоқ билан санайдиган миқдорда теле-фон абонентлари бор эди. Йил сайин соҳада ўсиш бўлиб, Тўхтахон опага шогирд бўлиб, касб эгаллаганлар жамоанинг асосини ташкил этди. Унинг йўлланмаси билан 20 дан ортиқ кадр ўқиб, мутахассис ало-қачи бўлди. Ҳукумат халқ манфаати, Ватан фаровонлиги йўлида қилган меҳнатлари учун Тўхтахон опани «Меҳнат Қизил байроқ» ордени, «Шавкатли меҳнати учун» медали билан тақдирлади. Тўхтахон опа Қодировани нафақат туманимиз аҳли, балки вилоятнинг каттадан-кичиги яхши таниган, ҳурмат қилган. У бундай шарафга кўп йиллик самарали меҳнати, оғир йиллардаги сабр-бардоши, инсонийлиги, покиза виждони билан муяссар бўлган. Бундай инсонлардан давр ёшлари ибрат олсалар, ғоят улуғ иш бўлади.

Одина МАДРАҲИМОВА, туман Давлат архиви катта фонд сақловчиси.