ҚУРУВЧИЛАРГА ЭҲТИРОМ
«Қурувчилар куни» муносабати билан туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов илғор қурувчилар вакилларини қабул қилди.
-Бугун юртимиздаги улкан бунёдкорликлар, туманимизнинг кўркам ва обод бўлишида ҳисса қўшаётган сиз, қурувчиларга ҳурматимиз чексиз, -деди туманимиз раҳбари. -Қурувчиларимизнинг фаолияти вилоят, республика даражасида эътироф этилаётгани, албатта, бизни ҳам қувонтиради. Бугун замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган, янгича кўринишдаги бинолар ва илғор усуллардаги қурилиш ишларидан фойдаланиш даврнинг талабидир. Қурувчиларимиз доимо изланиб, янгиликка интилишлари зарур. Жаҳон тажрибасидан кенг фойдаланишимиз, зарурият бўлса, ўрганиб келиш учун илғор давлатларга сафарлар уюштиришимиз керак.
Қабул якунида туманимиз раҳбари «Бунёдкор Мубошер» хусусий корхонаси раҳбари Қодиржон Жўраев вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан, «Оташ» хусусий корхонаси раҳбари Маҳмудилло Абдуллаев вилоят ҳокимининг «Ташаккурнома»си билан тақдирланишганини эътироф этди. Сўнг туманимиз қурувчилари вакилларига туман ҳокимининг «Ташаккурнома»си ва эсдалик совғаларини топширди.
Тажрибали қурувчилар Ғаффоржон Сулаймонов, Абдукарим Дадабоев, Мансурбек Онорбоевлар кўрсатилган эътибор ва эҳтиром учун миннатдорчилик билдирдилар. Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

