ҲАР ҚАРИЧ ЕРДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЗАРУР

Овчибулоқ МФЙдаги «Иссиқбулоқ таъмирлаш» хусусий корхонасида бир гектар майдоннинг 60 сотихида узумнинг 10 хил нави, 21 сотихида иссиқхона, 19 сотихида эса олхўрининг «Қора шаҳзода» нави парваришланиб, бу ерда 5 кишининг доимий бандлиги таъминланиши баробарида 15 та мавсумий иш ўрни ҳам ҳозирланди.

Тадбиркор Соҳибжон Набиев таъкидлаганидек, узумчилик сердаромад соҳа бўлиб, бунинг учун ернинг, узум нави ва токнинг тилини тушуниш керак. Шифобахш неъматни истеъмол қилиб юриш артериал қон босимини меъёрда бўлиши ва юрак фаолияти яхшиланишига ёрдам беради, инсон танасидаги туз миқдорини камайтиради.

Айни пайтда бу ердаги ток кўчатларини янги, юқори ҳосилдорликка эга, майизбоп «Сўғдиёна», қора кишмиш навларига алмаштириш жараёни 50 фоиз майдонда якунланди. 

Иссиқхонада ҳам ишлар қизғин. Мавсумнинг дастлабки босқичида 10 тоннадан помидор, бодрингдан 40 миллион сўм соф фойда олинган бўлса, иккинчи босқичда «Фоитина» навли бодрингдан 10 тонна ҳосил эвазига қўшимча 20 миллион сўм даромад қилиш кўзланмоқда. 

Шунингдек, токзор оралиғида эрта баҳордан редиска ва резаворлар ҳисобидан қўшимча 16 млн. сўм фойда олиш ҳам ният қилинган.  -Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, ерлардан самарали фойдаланишнинг мақбул механизмларини яратиш, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос маҳсулотларни етиштиришга ихтисослаштириш орқали ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга, -деди Хайрулло Бозоров.