КЎМИРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ ЙЎЛЛАРИ

Ўзбекистон жуда катта кўмир захирасига эга мамлакат. Кўмир табиатнинг инсониятга берган неъматларидан бири. Бу неъматдан оқилона фойдаланишимиз, яъни иқтисодий самарадор ва экологик хавфсиз тарзда фойдаланишимиз лозим.

Кўмирни ёқилғи сифатида фойдаланиш бошланган даврнинг дастлабки вақтларида, экологияга таъсири унча сезилмаган бўлиши мумкин. Сабаби: у вақтларда аҳоли сони оз бўлган ва кўмир қазиб олиш ҳам кам бўлган. Лекин ХХ асрнинг ўрталарига келиб, кўмир ёқилиши натижасида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши сезиларли даражада муаммога айланди.

Телевизор орқали кўргандим (ТВ каналнинг номи эсимда йўқ), 1955 йилгача, ҳар йили қишда, Лондон шаҳридаги аҳоли хонадонларини иситиш учун кўмир ёқилиши натижасида, атмосфера ҳавоси жуда ёмон ифлосланади ва одамларда турли касалликлар пайдо бўлиб, одамлар азият чека бошлайди. Шундан келиб чиқиб, ҳукумат томонидан, Буюк Британиядаги йирик шаҳарларда 1956 йилдан бошлаб, аҳоли уйларини якка тартибда кўмир ёқиб иситиш тақиқланган ва кўмир ёқишга фақат иссиқлик электростанцияларига ва марказлашган қозонхоналарга рухсат берилган. Бунинг афзаллик тарафи иссиқлик электростанцияси ва марказлашган қозонхоналарда ёқилган кўмирдан чиқаётган атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларни «махсус фильтр»лар ёрдамида тозалаш мумкин.

Ҳозирги кунга келиб фан-технология жуда ривожланди. Замонавий иссиқлик электро станцияларда кўмирни майдалаб, кукун ҳолатига келтириб, пуркаб ёқиш технологияси билан ёқилганда, атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи карбонат ангидрид газини 90 фоизгача камайтиришга эришилади. Электр энергияси таннархи ҳам бошқа усул (газ ёқиш усули) билан олинган электр энергиясидан анча арзон бўлади. Электр энергиясининг таннархи камайиши ҳисобига аҳоли ўз хонадонларини арзон электр энергияси билан иситиш имкониятига эга бўлади.

Бу технологияни янада ривожлантириб, қўшимча фильтрлар ўрнатиб, атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддаларни максимал тозалаб, ушлаб қолишга эришиш мумкин. Бу жараён тўхтамайди, албатта.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Экологик кодексига қуйидаги меъёр ва тартибларни киритишни таклиф қиламан:

– Ўзбекистон Республикасида кўмирни фақат иссиқлик электростанцияларда ва марказлашган қозонхоналарда экологияга зарарсиз-замонавий технологияларни қўллаб ёқишга ва кимё саноатида ишлатишга рухсат берилиши лозим;

-босқичма-босқич, яъни қиш кунларида аҳоли уйларини арзон электр энергияси билан таъминлангандан кейин, аҳоли хонадонларини якка тартибда кўмир ёқиб иситишни тақиқлаш тартибини жорий қилиш.

Ботиржон АТАХАНОВ, Ўзбекистон Экологик партияси туман партия ташкилоти раиси.