МАҲАЛЛАНИНГ ВИЖДОНИ
Миллий кино санъатимиз дурдоналаридан бири бўлган «Суюнчи» картинаси хотимасида бир жумла қўлланган: «Анзират буви қишлоқнинг виждони эди». Аслида бутун бир асар мана шу ғояни очиб бериш учун хизмат қилган.
Ўз яшаб турган жойининг виждони бўлиб яшаш ҳар қайси даврда долзарб бўлиб қолаверган. Хусусан, ҳозир ҳам. Аниқроғи, ана шундай инсонларга бугун эҳтиёж ҳар қачонгидан-да кўпроқдир.
Қаҳрамонимиз Топшўлат ака Солиев бутун умрини Ёркатай қишлоғининг равнақи, ёшлар таълим-тарбияси, аҳоли турмушининг фаровонлигига бахшида этган фидойилардан.
Тошпўлат Солиев 1949 йилда колхозчи оиласида дунёга келади. Болалигида отаси Мамасоли ака бевақт оламдан ўтгач, онаси Собирахон опага рўзғор кўмакчисига айланади. Исми жисмига монанд пўлатдай тобланган шахс бўлиб етишади. Унинг ўқишдаги тиришқоқлиги ва интилувчанлиги боис устози Абдулло Қозоқов маслаҳати билан Наманган давлат педагогика институтининг физика-меҳнат факультетига ўқишга киради. Институтни тамомлагач, турли соҳаларда самарали меҳнат қилади. 1988 йилда тумандаги 11-мактабга директор вазифасига тайинланган Тошпўлат ака пенсия ёшига етгунига қадар шу мактабни бошқарди. Устозлари Абдусаттор Муродов, Собиржон Солиевлар бошлаган эзгу ишларни баҳоли қудрат давом эттирди. Мактаб моддий-техника базасидан тортиб таълим-тарбия ишларини тумандаги етакчилар қаторига олиб чиқди.
…Мустақилликнинг илк йиллари. «Туман мактабларига компьютер келяпти», -деган хабар тез тарқалди. Халқ таълими бўлими йиғилишида компьютерни қабул қилиб олиш учун нима ишлар бажарилиши лозимлиги ҳақида бирма-бир тўхталиб ўтилди. Охирида: «Эслатиб ўтамиз, компьютер 2 қаватли типовой мактабларгагина берилади», -деди Юнусхон Дарвишев (ўша кезлари ХТБ мудири бўлган). Йиғилишдан сўнг бир қаватли мактаб директорлари: «Хайрият, шунча ортиқча юмушдан қутулдик», -деса, қолганлар: «Бунча ишлар ўзидан ўзи бўларканми?» -дея бош қотирди.
Тошпўлат ака тўғри мудир хонасига йўл олди.
-Нима, менинг болаларим хом ғиштли бинода ўқиса, компьютер ўрганишдан мосуво бўлиши керакми? Компьютерни қабул қилиб олиш учун барча айтилган ишларни муддатида бажараман, -дея масалани кўндаланг қўйди.
-Айнан сиздан шу ташаббусни кутгандим, -деди Юнусхон ака хурсанд бўлиб: -Биринчи комплект техника сизнинг мактабингизга ўрнатилади.
Шундай ҳам бўлди. Кейинчалик мактабни жорий таъмирланди, барча синфларнинг жиҳозларини тўла янгилашда ҳам мактаб туманда ўрнак кўрсатди.
Солиев домлани ўша кезлари таниганман. Товонидан ўт чақнаган, бир сўзли, қатъиятли феъли билан ажралиб турарди. Шунинг учун туманда вилоят, республика миқёсида бирор тадбирга тайёргарлик кетса, Тошпўлат акага Ёркатай қишлоғида бажариладиган ишлар назорати ишониб топшириларди. У ҳеч бир раҳбарнинг юзини ерга қаратмаган.
Тошпўлат Солиевнинг бугун ҳам ғайрати сўнмаган.
-Ўз она маҳаллам – Файзиободда қилинадиган ишлар кўп, -дейди отахон ўйга чўмиб. -Шу паллада ўзимни четга олишга юрак қўймайди. Чинданам Тошпўлат ака бош-қош бўлиб, собиқ 60-сонли болалар боғчаси 29-сонли МТТга айлантирилди, Файзиобод, Хўжаобод кўчаларига асфальт ётқизилди, 16-маршрут билан қишлоқда автобус қатнови йўлга қўйилди, Файзиобод «Тез ёрдам» шохобчаси ташкил қилинди, 290 млн. сўм маблағ эвазига тоза ичимлик суви тармоғи тортилди, 27-мактабда замонавий ошхона биноси қад ростлади. Бундан ташқари, қишлоқ ёшлари, кексалар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида турли мусобақалар мунтазам уюштириб келинади. Бу ишларга улгураётган, вақт топаётган Солиев домланинг жонбозлиги чинданам таҳсинга сазовор.
Шу кунларда 71 ёшни қаршилаётган Тошпўлат Солиев турмуш ўртоғи Замирахон ая билан фарзандлар, набиралар ардоғида. Шу қувончли кунларга барча яқинлар қатори биз ҳам шерик бўлиб, Тошпўлат акани табаррук ёшлари билан муборакбод этамиз. У кишига бу ёруғ оламнинг барча эзгуликларини тилаган ҳолда, орамизда шундай эл-улус ташвишида куйиб-ёнувчи ҳамюртларимиз сафи янада кенгайишини истаб қоламиз. Абдулҳаким НИШОНОВ.

