БУГУННИНГ ГАПИ
Ёшларимиз онгида соғлом эътиқодни шакллантирмас эканмиз, улар ўзларини ҳимоя қилолмайдилар, жиноятчилик, ахлоқсизлик давом этаверади. Боиси, соғлом эътиқод инсон онгига имон, инсоф ва диёнатни олиб киради. Бу уч нарса кимда муштарак бўлса, у одам асло адашмайди.
******
Бизнинг авлод китоб гадоси бўлган. Китоб ўқиганда ҳеч нарса берилмас эди, аммо ўқийверардик. Ҳалиям ўқияпмиз. Натижа шу бўлдики, ҳеч ерда қоқилмадик, ҳаётнинг мазмун-моҳиятидан хабардор бўлдик, эзгулик билан ёвузликни фарқлай олдик, савоб ва гуноҳнинг чегарасини билдик, бировдан гап емадик, маслаҳат сўраганга тўғри маслаҳат бера олдик, қисқаси, ҳаёт лаззатидан чинакам баҳра олиб яшаяпмиз.
******
Илгари одамлар хато иш қилиб, уялиб қолишдан қўрқишарди. Уят ўлимдан қаттиқ эди. Оддий одамлар ҳам иснодга қолмаслик учун ҳаракат қилардилар. Шу боис тартиббузарлик, жиноятчилик, тубанлик, ахлоқсизлик ҳолатлари жуда кам эди. Ҳозир уят, андиша унутилди. Ёлғон, хиёнат, имонсизлик, ўғрилик, порахўрлик, бузуқилик ҳеч кимнинг юзини қизартирмаяпти. Амалдор ҳам, артист ҳам, бошқаси ҳам безрайиб, халқдан кечирим сўраб турибди. Кўнгилчан халқимиз ҳам кечириб юборяпти. Бир устозимиз айтган эдилар: «Қилғилиқни қилиб қўйиб, кечирим сўраш баданни тилиб, унга туз сепиш билан баробар!»
******
Ҳозирги кунда файласуф Эркин Аъзам таъбири билан айтганда: «Одамлар майит қолиб, жанозага, келин-куёв қолиб, тўйнинг ҳашамига, моҳият қолиб шаклга аҳамият бермоқдалар». Бу эса мусулмон қавмини Аллоҳнинг ғазабини қўзғатувчи такаббурликка, турли зарарли бидъатларга, қадриятларнинг қадрсизланишига олиб келяптики, буларнинг олди олинмаса, миллий таназзулга юз тутилиши ҳеч гап эмас.
******
Кўзларни очайлик, эс-ҳушни тўплайлик, ҳар ким ҳаддини билсин, роҳи ростни топиб олайлик, азизлар!
Ўринбой МЎМИНОВ.

