САНОАТ КОРХОНАСИ ИШ БОШЛАДИ
Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида Ёркатай МФЙ ҳудудидаги «МEGA TEKSTIL» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан калава ип, пайпоқ ва нитрил қопламали ишчи қўлқоплари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ доллари бўлиб, туркиялик инвестор томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағи киритилди. Германия томонидан ажратилган хорижий кредит линияси маблағлари ҳисобига дастгоҳ ва ускуналар олиб келтирилди.
Корхонада йилига 6 минг тонна калава ип, 2 млн жуфт пайпоқ ҳамда 3 млн. 800 минг жуфт латекс ва нитрил ишчи қўлқоплари ишлаб чиқарилади. 11,2 млн. долларлик маҳсулотлар Туркия, Белоруссия, Россия ва Европа давлатларига экспортга йўналтирилади. Корхонада ҳозирда 400 та, йил охирига бориб 600 та доимий иш ўринлари яратилади.
Мустақиллик байрами арафасида мазкур корхонанинг фойдаланишга топширилиши катта шодиёнага айланди. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Cенати аъзоси Хайрулло Бозоров маросимда сўзга чиқиб, пандемия шароитида ҳам бирдам бўлса-да фаолиятини тўхтатмай, янги иш ўринлари яратаётган ва иқтисодиётни юксалтиришга ҳисса қўшаётган тадбиркорларга миннатдорчилик билдирди.
Маросимда онлайн тарзда туркиялик инвестор Вели Гунеш ҳам сўзга чиқиб, самарали ва истиқболли ҳамкорлик, яратилган имкониятлар учун ташаккур изҳор қилди.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, маросим иштирокчилари корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Маросимда туман ҳокими М.Апақов иштирок этди.

