БИР МАРТАЛИК НАФАҚА ОЛИШ ТАРТИБИ СОДДАЛАШТИРИЛДИ
Кейинги йилларда республикамизда аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида информацион технологиялардан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, амалдаги тартибга мувофиқ бола туғилганда ва дафн маросими учун бериладиган бир марталик нафақаларни олиш мақсадида фуқаролар аввал ФҲДЁ бўлимларида рўйхатга олиниши, сўнгра Давлат хизматлари марказларига тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат этишлари лозим. Ўз навбатида, Пенсия жамғармаси томонидан бола туғилганда ва дафн маросими учун нафақалар Давлат хизматлари томонидан юборилган маълумот асосида автоматик равишда тайинланиб, тўлов ведемостлари Халқ банкига юборилади ҳамда фуқароларга тўловлар амалга оширилади. Мазкур жараённи янада соддалаштириш мақсадида Пенсия жамғармаси томонидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан ҳамкорликда янги тизим ишлаб чиқилди. Бу тизим бўйича фуқаролар бола туғилганда ва дафн маросими учун нафақаларни олиш мақсадида Давлат хизматлари марказига боришлари ҳамда ариза ва ҳужжат тақдим этишлари шарт эмас. Эндиликда фуқаролар шахснинг вафот этганлиги ва бола туғилганлигини ФҲДЁ бўлимларида қайд этганларидан сўнг тўғридан-тўғри Халқ банкининг исталган филиалига мурожаат қилиб, нафақа пулларини олишлари мумкин. Бунда Пенсия жамғармаси томонидан тегишли маълумотлар ФҲДЁ бўлимларидан электрон шаклда олиниб, нафақалар тайинланади.
Шунингдек, фуқаролар ФҲДЁ бўлимларида ўзларининг мобиль телефон рақамлари тўғрисида маълумотни қолдирсалар, Пенсия жамғармаси томонидан уларга бир марталик нафақа олиш ҳуқуқи ҳамда тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида хабарнома юбориш хизмати ҳам жорий этилган.
К.МУҲАММАДЖОНОВ, БТПЖ туман бўлимининг 1-тоифали инспектори.

