ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФУҚАРОЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН КУЧГА КИРДИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан шу йил 18 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 28 февралда маъқулланган ва Президент томонидан 13 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун кучга кирди.
Мазкур Қонуннинг 58-моддасига кўра, у расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга кириши белгиланган. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 2020 йил 14 март куни эълон қилинган.
Қонуннинг аввалги таҳриридан жиддий фарқ қилувчи жиҳатларидан бири – Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансублик масаласидир. Унга кўра:
-1992 йил 28 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс;
-Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва 1992 йил 28 июлга қадар ўқиш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган ҳамда узлуксиз равишда таълим олган ёхуд ҳарбий хизматни ўтаган ва ўқиш ёки ҳарбий хизмат тугаганидан кейин бир йил ичида Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий пропискадан ўтган шахс, башарти унинг чет давлат фуқаролиги мавжуд бўлмаса Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади.
Фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошга нисбатан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. Унга кўра, ватандошга нисбатан тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса ёки давлат тилини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулоқот қилиш учун зарур даражада билса, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади.
Ҳалимжон ҚОБИЛОВ туман адлия бўлими бошлиғи.

