ИШЧИ ГУРУҲИ УЙЧИДА
2020 йилги пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш мақсадида мутасадди ташкилотлар устидан қатъий назоратни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сенатнинг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи аъзолари бу борада Уйчи туманида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Улар жойларда фермер хўжаликлари пахтазорларида бўлиб, мутасадди раҳбарлар, фермерлар, теримчи ва ҳашарчилар билан яқиндан мулоқот қилишди.
Мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш, пандемия шароитини инобатга олиб, пахта йиғим-терими ишларини санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкиллаштириш, терим пулларининг берилиши, ишловчилар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Ишчи гуруҳи аъзолари Уйчи туманида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бердилар.

