Туман ҳокимининг қарори
Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2021 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида
«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси, «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги «2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида»ги ПҚ-4227-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низом, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 10 майдаги 19-2019-Б-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги Низом (рўйхат рақами 3163, 2019 йил 31 май)га асосан, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида туманда 2021 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш бўйича комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ, 2021 йилда мазкур тоифадаги шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдори белгиланган корхоналар ва ташкилотлар рўйхати 2-иловага асосан тасдиқлансин.
2. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосан туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун иш ўринларининг энг кам сони 2-иловага мувофиқ ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сони 393 нафарни ташкил этадиган 10 фоиз миқдорида, шу жумладан:
-ногиронлар учун 3,1 фоиз (123 нафар, юқорида кўрсатилган иш ўринларига туманда ногиронлар ишга жойлашиш бўйича талаб 10 та бўлганлиги сабабли, келгусида 250 та иш ўрнини умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун банд этиб қўйилсин);
-умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун 3,5 фоиз (137 киши);
-ўн тўрт ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун 2,1 фоиз (84 киши);
-пенсия олди ёшидаги шахслар учун 0,3 фоиз (13 киши);
-сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 0,4 фоиз (14 киши);
-жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар учун 0,3 фоиз (13 киши);
-одам савдоси қурбонлари учун 0,3 фоиз (10 киши) миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
3. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари санитария-гигиена меъёрларига ва ходим ўз меҳнат мажбуриятларини тўсиқсиз бажаришини таъминлайдиган меҳнат қилиш шароитларига, шу жумладан, қуйидагиларга мувофиқ бўлиши керак:
-14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун – болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича мажбуриятлар бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ишнинг мослашувчан жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
-умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлагандан кейин касбни эгаллаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасалари-нинг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун – уларнинг касбий тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
-сафарбарлик чақириқ захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун – уларнинг профессионал тайёргарлигига мос бўлган иш ўринлари;
-ногиронлар учун – меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ва ходимга уларнинг соғлиги ҳолатини ва меҳнат фаолиятига тўғри келмайдиган белгиланган зидликлар ҳисобга олинган ҳолда меҳнат операцияларини тўсиқсиз бажариш имконини берадиган иш ўринлари;
-пенсияолди ёшидаги шахслар учун – уларнинг касбий тайёргарлигига мос бўлган ёки махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари;
-жазони ижро этиш муассасаларидан ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар учун – уларнинг касбий тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда ёки махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари;
-одам савдоси қурбонлари учун – уларнинг касбий тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда ёки махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари.
4. Қуйидаги иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар этиб белгилансин:
-муҳандис, иқтисодчи, ҳисобчи, ҳисобчи-тафтишчи, ҳуқуқшунос, зоотехник, агроном, шифокор, ҳамшира, кичик тиббий ходим, иш юритувчи, ўқитувчи, тарбиячи, ёрдамчи тарбиячи, тарозибон, электрик, автоаравача ҳайдовчиси, ташувчи, фаррош, ўтёқар, ободонлаштириш ишчиси, омборчи, ЭҲМ оператори, юкчи, ишчи, боғбон, қоровул.
5. Тумандаги мавжуд корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари:
-Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласин;
-2021 йил бошланишидан камида 10 кун олдин, захирага қўйиладиган умумий иш ўринлари сонининг камида 25 (йигирма беш) фоизи ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун захирага қўйилишини ва тайёрлигини таъминласин, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказини хабардор қилсин;
-ижтимоий муҳофазага муҳтожлар учун иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан 2021 йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминласин, бу ҳақда туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига биринчи чорак тамом бўлгандан кейин 10 кундан кечикмай хабардор қилсин;
-ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунигача туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шакл бўйича ахборот тақдим этсин;
-ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринлари тайёрлиги тўғрисида ахборот тақдим этилмаслиги, тенг даражада захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сони ҳисобига ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг амалда тайёр эмаслиги туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан туман ҳокимининг қарори бажарилмаслиги сифатида қаралиши лозимлиги қайд этилсин.
6. Туман ҳокимининг ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилот, корхона ва муассасаларнинг мансабдор шахсларига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан маъмурий жавобгарлик белгиланганлиги алоҳида қайд этилсин.
7. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида»ги Низомга (рўйхат рақами 3163, 2019 йил 31 май) асосан субсидиялар ажратиб бериш тартиби амалиётга жорий этилганлигини ҳисобга олиб, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлашни таъминлансин.
8.Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (М.Имамов) мазкур қарорни беш кун муддатда қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари эътиборига етказилишини таъминласин.
9. Мазкур қарор «Уйчинома» газетасида расман эълон қилинсин ва туман ҳокимлигининг расмий веб сайтига жойлаштирилсин.
10. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб 3 ойдан кейин кучга киради.
11. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Имамов зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими М.Апақов
Уйчи шаҳарчаси 2020 йил 23 сентябрь.

