СИНОВЛИ ДАВРДАГИ ФИДОЙИЛАР
Сизда ором қайда, сизда тин қайда,
Сиз тўйиб ухлаган битта тун қайда?
Эл-юрт оромини асраган зотлар
Эл меҳри асрасин сизни ҳар жойда.
Муҳаммад Юсуф
Тинчлик – буюк неъмат. Биз мана шундай тинч ва фаровон Ватанда ҳаёт кечирмоқдамиз. Аммо бутун дунёни «COVID -19» вируси (коронавирус касаллиги) қамраб олди. Бу касаллик ер юзидаги барча мамлакатларнинг осойишталиги, ҳаловати, турмуш тарзини чилпарчин қилди. Бу кўзга кўринмас вирус шиддат билан барча мамлакат фуқароларига тарқалиб келмоқда. Бунинг давосини топиш борасида бутун дунё олимлари бош қотиришмоқда.
Аллоҳга беҳисоб шукрки, давлатимиз раҳбари, фидойи, халқсевар ва адолатли Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан қарор ва фармонлар эълон қилиниб, вақтида карантин жорий этилди. Юртимиздаги барча олий таълим муассасалари, мактаблар, лицейлар, мактабгача таълим муассасалари, буюм бозорлари, маиший техника дўконлари карантин сабабли ёпилди. Давлатимиз раҳбари томонидан талабалар ҳамда ўқувчилар учун онлайн дарслар ташкил этилди.
Мана, бир неча ойлардан бери Хитойда тарқалган ушбу «COVID -19» вируси бутун дунёни даҳшатга солмоқда. Шундай синовли кунларда халқимизнинг соғлиги, тинчлиги, юртимизнинг осойишталиги учун беминнат хизмат қилиб келаётган том маънодаги замонамиз қаҳрамонлари бўлмиш шифокорлар, ички ишлар, миллий гвардия, санитария эпидемиология осойишталиги маркази ходимлари, тадбиркорлар ва бошқа кўплаб фидойи инсонларнинг ўрни беқиёсдир.
Қийин вазиятлар кучли инсонларни кашф қилади. Халқимизнинг оғир синовли кунларида садоқат, матонат билан, ўз ҳаётини, соғлигини гаровга қўйиб, ватанига меҳр-муҳаббат билан сидқидилдан хизмат қилиб келаётган замонамиз қаҳрамонларига бошимиз ерга теккунча таъзим қиламиз. Шифокорларимиз туфайли соғломмиз, ички ишлар, миллий гвардия ходимлари, чинакам маънодаги ҳақиқий ватанимиз посбонлари туфайли бехавотирмиз, оиламиз бағрида тинч ором оламиз.
Халқимизнинг оғир синовли кунларида ёрдам қўлини чўзаётган фидойи инсонларимизга, замонамиз қаҳрамонларига фаолиятларида сабр, матонат, куч-қувват тилаймиз.
Толибжон МИРЗАЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзоси.

