ТЕШИБ ЧИҚҚАН ТЕКИН ЛУҚМА

Учқўрғонлик Ф.М. олий маълумотга эга қиз бўлишига қарамай, ўз билим  ва салоҳиятини жамият ривожи, давлат манфаатлари учун сарф қилмади. Агар шу йўлни тутганда элда обрў, касбидан камол топиб, халқ эътиборини қозонарди. Бунинг ўрнига кишиларни алдаб, ишончига кириб, уларнинг маблағларини фирибгарлик  йўли билан қўлга киритишни касб қилди.

Даставвал у фуқаро Р.Ш.га элчихонадаги танишлари орқали Жанубий Кореяга юбориши ва у ерда иш топиб бериши ҳақида ёлғон гапириб, унинг ишончига киради. Р.Ш.дан 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни олиб, ўз манфаати йўлида сарф қилиб юборади.

Бундай мўмай даромаднинг «мазаси» уни қайта-қайта жиноят содир этишга ундайди. Кейинчалик Ф.М. юқоридаги каби усул орқали 5-6 кишини ҳам чув туширади.

Шундай қилиб, Ф.М. ўзининг юқоридаги ғайриқонуний ҳаракатлари билан такроран фуқароларни алдаб, ишончига кириб, пора олишга далолатчилик қилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан айбланди.

Дилноза МИРЗАЕВА,

Учқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси, майор.