ФАРЗАНД ШАРЪИЙ НИКОҲ БИЛАН ТУҒИЛГАНДА

оталик қандай тартибда белгиланади?

Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича судлар амалиётида оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар кўпайганлигини кўришимиз мумкин. Яъни никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас, деб топиш, оталикка эътироз билдириш, алимент ундириш каби низолар билан бир қаторда судларга оталикни белгилаш ҳақида ҳам кўплаб мурожаатлар бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида фарзандлар ота-онасининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади, деб белгиланган.

Суд жавобгар ота томонидан фарзанд тан олинмаганда ёки оталиги белгиланиши лозим  бўлган болага нисбатан отанинг шубҳаси бўлса, суд  ўз ташаббуси билан ёки тарафлардан бирининг илтимосномасига асосан одам ДНКси бўйича суд биологик экспертизаси тайинлайди.

Экспертиза ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳ.Сулаймонова номидаги РСЭМ экспертизаси экспертлари зиммасига юклатилади.

Экспертлар ихтиёрига фуқаролик иши, даъвогар она, жавобгар ота ва оталиги белгиланиши лозим бўлган фарзанд белгиланган тартибда қон намуналари олиш учун юборилади. Марказда тарафлар ва судья ёрдамчиси иштирокида улардан қон намуналари олиниб, баённома билан жараён расмийлаштирилади ва фотосуратга олинади.

Эскперт хулосаси олингунга қадар фуқаролик иши бўйича иш юритиш тўхтатилади. Марказ томонидан 1 ойлик муддат ичида судга экспертиза хулосаси махсус почта орқали юборилгандан сўнг судья тўхтатилган ишни тиклайди ва тарафларни суд мажлисига чақиради. Тарафлар суд процесси давомида экспертиза хулосаси билан таништирилади. Агар экспертиза хулосасида отанинг фарзандга нисбатан биологик оталиги тасдиқланса, суд даъвогар даъво талабини қаноатлантириб, оталикни белгилаб беради. Агар экспертиза хулосасида фарзандга нисбатан жавобгар отанинг биологик оталиги инкор этилган бўлса, суд даъвогар талабини рад этади.

Биз фуқароларимизга бундай низоларга учрамасликлари учун, оилавий муносабатларга киришишда никоҳларни тегишли тартибда қонуний расмийлаштиришларини тавсия қиламиз. Зеро, шаръий, яъни урф-одатлар асосида тузилган никоҳ ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди.

Санобар ТЎРАБОЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди судьяси.

Алишер АБДУМАЖИДОВ,

туман прокурори ёрдамчиси.