ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НАМАНГАН ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ ЎНИНЧИ СЕССИЯСИ
Унда депутатлар, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва котибият мудирлари, корхона ва ташкилот мутасаддилари, озиқ-овқат соҳасига дахлдор йирик фермер хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, марказий ва маҳалий ОАВ вакиллари – журналист ва блогерлар қатнашди.
Сессия ишида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов иштирок этди.
Дастлаб кун тартибидаги асосий мавзу – Наманган вилояти аҳолисини коронавирус пандемияси даврида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, ички истеъмол бозорига маҳсулот етказиб берилишини тизимли мониторинг қилиш, назоратни йўлга қўйиш ва нарх-навонинг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида вилоят секторлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
-Вилоятимизда аҳоли ихтиёрида 35 минг гектар атрофида томорқа ерлари мавжуд. Бу вилоятда пахта экини учун ажратилган майдонларнинг тенг ярми дегани. Ички истеъмол бозорига маҳсулот етказиб бериш масаласи кўтарилганда биз биринчи галда мана шу энг катта имкониятимизга эътибор қаратишимиз зарур. Чунки кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, ҳали қаровсиз ётган, унумли фойдаланилмаётган кўплаб томорқа ерларимиз бор. Бозорларимизда гўшт-сут павильонлари деярли йўқолиб кетди, уларни тиклашга алоҳида эътибор қаратамиз. Улгуржи, қоплаб сотадиган бозорларимиз йўқ, ваҳоланки, уларнинг мавжудлиги нарх-наво барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатади. Ҳар бир маҳаллада экобозорлар ташкил этилади, бу билан фуқароларнинг марказий бозорларга вақт ва маблағ сарфлаб беҳуда қатнашига ҳам ҳожат қолмайди, -деди вилоят раҳбари.
Вилоят ҳокими сессия давомида журналист ва блогерларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги кўплаб саволларига батафсил жавоб берди.
Шунингдек, сессияда Президентнинг «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг вилоятдаги ижроси, судларнинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари, корхона-ташкилотларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти, вилоят халқ таълими бошқармасининг жорий йил 9 ойи давомида амалга оширган ишлари ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ҳамда мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.
Сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

