ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ!

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганининг ўттиз бир йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида туман ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, халқ таълими,  маданият бўлимлари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби билан ҳамкорликда «Жаҳон минбарида янграган тилим» мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Уни туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов очиб, йиғилганларни ушбу сана билан табриклади. Шундан сўнг «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин  Мансуров дунёдаги энг қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимизнинг тимсоли, бебаҳо маънавий бойлигимиз ва буюк қадриятимизга айлангани, шу тилда яратилган буюк тарихимиз, жаҳонни ҳайратга солган мумтоз адабиётимизнинг бебаҳо дурдоналари, ёрқин ва жозибадор санъатимиз, минг йиллик мақомларимиз, миллатимизнинг барҳаёт қаҳрамонларини куйлаган достонларимиз асрлар оша оламни ҳайратга солиб яшаб келаётганини таъкидлади. Вилоят мусиқали драма театри хонандаси Ҳамиджон Маллабоев ижросидаги қўшиқлар ҳамда туман маданият бўлими санъаткорлари, 3-мактаб ўқувчилари томонидан тақдим қилинган бадиий дастур барчага манзур бўлди.

Муаззам ПИРМАТОВА,

12-мактаб ўқитувчиси.