ҚОНУНЧИЛИК ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Жорий йилнинг 5 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Ушбу Қонун билан бугунги кунда амалдаги 8 та кодекс ва 10 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Оила кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, 4 нафар ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади.

Бунда, агар 4 нафар ва ундан ортиқ болаларидан 1 нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва касб-ҳунар, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда 22 ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинган боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар деб эндиликда ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали оилалар (илгари ўн олти ёшга тўлмаган бешта ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар) эътироф этилади.

Қонун билан МЖТКга киритилган қўшимчага кўра, тайзиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга  мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан 223 минг сўмдан 669 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади.

Қонун билан Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, товар белгисидан охирги 3 йил (илгари 5 йил) давомида Ўзбекистон ҳудудида узрли сабабсиз узлуксиз фойдаланилмаган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлиги исталган манфаатдор шахснинг талаби бўйича суд қарорига асосан бекор қилиниши мумкин.

Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришлар Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ҳалимжон ҚОБИЛОВ,

туман адлия бўлими бошлиғи.