ИСЛОМДА ОИЛАНИНГ ЎРНИ
Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий ва ҳоказо. Моҳиятан уларнинг ҳар бири иккинчисига ҳар жиҳатдан эҳтиёжлидир. Мавжудотлар ҳаётда мана шу жуфтлик билангина барқарор бўладилар. Ушбу жуфтликларни инсон мисолида оладиган бўлсак, эр киши турмушда фақат ўз жинсининг жуфти бўлган аёли билан таскин ва роҳат топиши мумкин. Ёлғиз ҳолда ўз саодатини ҳис қила олмайди. Аллоҳ тақдир қилган ҳаёт жуфтисиз барқарор бўлмайди.
Қуръони каримда бундай дейилади:
«Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик» (Зорият,49).
Аллоҳнинг ҳикматини қаранг, мавжудотларнинг энг олийси – одамзотни ҳам ўз жуфти билан бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, туриш-турмушда, феъл-атворда, муносабатда, фикрлашда фарқли ва айни пайтда бир-бирини тўлдирадиган қилиб яратган.
Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди…» (Наҳл, 72)
Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув яшашлари, насл давомийлигини таъминлаб, умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг улуғ санъати ва ҳикматидан далолатдир.
Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ, «Худайберди Эшон» жоме масжиди имом хатиби.

