КЕНГ НИШОНЛАНДИ

6-мактабда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган тадбир кўтаринки руҳда ўтди. Туман маданият бўлими ва мактабнинг истеъдодли ўқувчилари томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчада ўзгача таассурот қолдирди.

Эътироф этиш керакки, мазкур мактаб туманимиздаги намунали илм масканларидан. Ўтган ўқув йилида мактабни 96 нафар ўқувчи битирган бўлса, улардан 63 нафари олий таълимга ўқишга кирди. Улар халқаро, хорижий ҳамда Ўзбекистондаги олий таълим йўналишларида таҳсил олишмоқда.

Мактабда бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими М.Апақов, мактаб директори С.Аҳмадалиева самимий тилаклар билдириб, жонкуяр ўқитувчилар – битирувчи синфларнинг раҳбарлари Акбаржон Нишонов, Мастура Исоқова, Нодира Исабоеваларга туман ҳокимлигининг совғаларини топширишди. Республика маънавият ва маърифат маркази  туман бўлими раҳбари Э.Юнусова мактабга китоблар совға қилди.

***

Байроғимиз давлатимиз суверенитетининг рамзидир. У халқимизнинг шонли тарихи ва эзгу интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч, осойишта, эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимизнинг тимсоли саналади.

Байроғимиз мустақиллигимиз ифодаси сифатида жаҳоннинг юксак минбарларида ҳилпираб турибди.

Сана муносабати билан ташкилотимизда «Байроғимиз – фахримиз» шиори остида ўтказилган тадбирга ташкилот директори К.Султонова бошчилик қилди. Тадбир тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Шоҳида Юсупова ва гуруҳ тарбияланувчилари билан биргаликда ташкиллаштирилди.

Унда дастлаб Давлат мадҳияси янгради. Болажонлар Ватанни мадҳ этувчи шеър, қўшиқ, рақслар ижро қилишди. Тадбир давомида болажонлардан Э.Камолиддинова, М.Тўрамирзаева, М.Илҳомжонова, М.Одилжоновалар фаол қатнашдилар. Байрам кечаси барча йиғилганларга бирдек манзур бўлди.

Дилфуза БОҚИЖОНОВА,

4-ДМТТ мусиқа раҳбари.

***

Давлатимиз байроғи қабул қилинган сана муассасамизда ҳам катта шодиёнага айланди. Жонкуяр тарбиячи Моҳира Мамадалиева сабоқ бераётган тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиларининг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Ширинтойларнинг байроқ ҳақида айтган шеър ва қўшиқлари, чизган суратлари барчага манзур бўлди.

Гавҳархон ҲАСАНОВА,

6-ДМТТ директори.

***

Ўзбекистон ХДП туман кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамда #Uychinews канали ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан «Юксалар қўлимизда Ўзбекистон байроғи» шиори остида танлов эълон қилинган эди. Танлов 3 йўналишда – Ўзбекистон байроғи билан тушган шахсий фото, байроқ тасвирларган расм, шеърий видеочиқишлар тартибида ўтказилиб,  якунлари эълон қилинди. 13-болалар мусиқа ва санъат мактабида танлов ғолиблари тақдирланди.

*** Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати З.Атаханова томонидан «Байроғим – фахрим» шиори остида аҳоли орасида тарғибот ишлари олиб борилиб, болаларга китоблар совға қилинди.