МАЪНАВИЙ ТАРБИЯ – МИЛЛИЙ ЮКСАЛИШ КАФОЛАТИ

Таълим-тарбия масалалари ичида одамни ташвишга соладиган, бир қараганда эътиборсиздек туйиладиган, лекин оқибати таназзулга, жаҳолатга олиб борадиган бир омил, яъни оилада фарзанд тарбиясига эътиборсизлик иллати миллат маънавий таназзулининг асоси, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Хўш, нега бугун ота-оналар фарзанд тарбиясига эътиборсиз? Фарзанд тарбияси билан шуғулланишига қандай омиллар тўсқинлик қиляпти? Ота-оналар фарзанд тарбиялаш методларини биладими? Мазкур саволлар бизни масала юзасидан ҳамма учун бир тилдаги оптимал ечим топиш вазифасини қўймоқда. Бугун бутун дунёда инсон капитали учун кураш, энг катта сармоя фарзанднинг яхши билимли бўлишига, тарбиясига тикилаётган бир вақтда бизда фарзанд тарбиясига эътиборсизлик иллат ва таҳдиди кучайиб бормоқда.

Оилада фарзанд тарбиясига эътиборсизлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришнинг янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги қарорида ички таҳдид сифатида қайд қилиниб, мазкур таҳдидга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш вазифаси қўйилди. Тарбияда йўл қўйилган хатолар асоратлари кундалик ҳаётда, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шундай бир вазиятда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4307-сонли қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги «Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1059-сонли қарорининг чиқиши бу миллат келажаги, маънавий тараққиёти учун ўзига хос тарихий воқелик бўлди. Мазкур концепция 8 та боб ва маънавий тарбиянинг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган 61 та мақсадли ва манзилли тадбирлар режасидан иборат бўлиб, унинг амалга оширилиши 4 босқичдан иборат. Узлуксиз маънавий тарбия концепциясининг асоси миллий тарбиямиз, Унсур Ул Маолий Кайковус, Юсуф Хос Ҳожиб, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Алишер Навоий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Абу Наср Фаробий, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат каби улуғ мутафаккирларимизнинг маънавий-илмий меросига асосланган.

Фарзандларимизни илм-фан ва таълим-тарбия асосида вояга етказиш мақсадга мувофиқ экан, ўз ўрнида тарбия маънавият билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, ёшлар келажак эгалари ҳисобланади. Ёшларимиз таълим-тарбиясида эса маънавий тарбия катта аҳамиятга эга. Энг муҳими, фарзандларимиз тарбиясига этиборли бўлайлик, айнан шу мезон болаларимизни маънан, руҳан соғлом, ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, ўз миллий қадриятларимизга ҳурмат билан қарайдиган баркамол бўлиб ўсиб-унишига асосдир.

Адҳамжон ТУРСУНОВ, 36-мактабнинг ММИБ директор ўринбосари.