НОРИНДАРЁ КЎПРИГИДА ТАНТАНА

6 ойда Норин дарё кўприги 8,3 млрд. сўмга реконструкция қилиниб, 1 ноябрь куни фойдаланишга топширилди.

Кўп йиллар Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари аҳолисининг узоғини яқин қилишга хизмат қилган Норин дарёси устидаги кўприк аянчли ҳолга келиб қолган эди. Умумий узунлиги 267,5 метр, эни 7,2 метрни ташкил қилувчи ушбу кўприк реконструкция қилинди. Кўприкнинг таянч устунлари ва тўсинлари юк кўтариш даражаси 80 тоннани ташкил этади. Кўприкнинг атвомобиллар учун ҳаракат қисми аввалги 7,2 метр ўрига 8 метр бўлиб, йўлнинг икки тарафида пиёдалар ўтиш йўлаги ҳам қурилди. 60 йил давомида халққа хизмат қилган кўприкдан кунига 15-17 минг атрофида автоулов ҳаракатланади.

Норин ва Уйчи туманлари аҳолиси, кўплаб фаоллар ушбу кўприкнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этдилар. Тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов сўзга чиқиб, барчани бугунги шодиёна билан самимий қутлади ҳамда кўприк қурилишида жонбозлик кўрсатган илғорларга қимматбаҳо совғалар топширди.

Меҳмонлар пиёда  ҳамда турли русумдаги транспорт воситалари кўприкдан ҳаракатланиб, Уйчи тумани чегараси томон юришди. Туман маданият бўлими «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари бадиий дастурлари билан меҳмонларни қарши олдилар. Туманимиз фаоллари ва нуронийлари вакиллари дуолар қилиб, кўприк узоқ йиллар халқимизга хизмат қилишини тиладилар. Норин ва Уйчи туман ҳокимликлари ахборот хизматлари.