САЙЁР ҚАБУЛ
Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар оддий одамларнинг ҳаётини ўзгартирмоқда. Йиллар давомида ечимини тополмаётган масалалар қабуллар жараёнида дақиқалар ичида ҳал этилмоқда. Хусусан, фуқаролар арз қилиш учун раҳбарлар ҳузурига эмас, раҳбарлар оддий фуқароларнинг дарду ташвишини эшитиш учун жойларга бориб, масалаларни ҳал этиб бермоқда.
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Чортоқ туманининг «Ором» мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президент маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов, Президент Админстрацияси, Халқ қабулхоналари, вазирлик ва идоралар, секторлар раҳбарлари иштирокида «Сайёр қабул» ўтказилди. Унда Уйчи, Чортоқ ҳамда Янгиқўрғон туманлари, Наманган шаҳридан келган фуқаролар иштирок этдилар.
Қабул жараёнида аксарият фуқароларнинг мурожаатлари жойида ҳал қилинди. Шунингдек, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Қабулда Шифокор МФЙда яшовчи Шоҳруҳ Ёқуббоев тадбиркорлигини янада ривожлантириш учун «Агробанк» АТБга икки ой муқаддам ҳужжат топшириб, кредити чиқмаётгани бўйича мурожаат қилди. Марказий банк ҳамда туман прокуратураси аралашуви билан унинг масаласи ижобий ҳал этиладиган бўлди. Аброр САБАРАЛИЕВ.

