«СОҒЛОМ ҲАЁТ УЧУН – 5000 ҚАДАМ»
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси(ВССБ)нинг аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими томонидан «Соғлом ҳаёт учун – 5000 қадам» шиори остидаги кенг қамровли соғломлаштириш тадбирлари ўтказилмоқда.
Ушбу тадбир Ёркатай ҚВП хизмат кўрсатадиган Исломобод маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. ВССБ аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими бош мутахассиси Дилором Маматхонова ўтказилаётган тадбирнинг мазмун-моҳиятини ҳудуд вакилларига атрофлича тушунтирди. Айниқса, жисмоний фаоллик, яъни 5000 қадам юришнинг афзалликларидан воқиф бўлган кекса ёшдаги отахон ва онахонларда саломатликларини асраш учун юриш машқларига эътибор ва иштиёқ кучайди.
Биохимик лаборатория таҳлиллари, флюография, УЗИ, ЭКГ аппаратлари шу ернинг ўзида келтирилганлиги сурункали касаллиги бор шахслар учун айни мудао бўлди.
Тадбирда 40 ёш ва ундан катта аҳоли билан юқумсиз бўлмаган касалликларнинг олдини олиш бўйича савол-жавобдан ўтказилди. Касалликларни эрта аниқлаш ва асоратларининг олдини олиш, нотўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатларнинг салбий оқибатлари мавзусида суҳбатлашилди.
Оила шифокори, окулист, лор, невропатолог, терапевт, жарроҳ, эндокринолог, пульмонолог ва бошқа малакали мутахассислардан жамланган бригада яна уч кун давомида ёркатайликлар ҳузурида бўлади ва аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатади.

