ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОР-КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Ўқитувчи – одамларга нур, зиё, гўзаллик бахшида этувчи инсон. У ўзининг ана шу хислати билан бошқалар учун ибрат намунасидир. Шу боис, эл-юртга маърифат улашиб, маънавият чашмасидан баҳраманд этган ўқитувчи доимо одамлар иззат-икромига сазовор бўлиб келган.

Кейинги икки йилда юртимизда ўқитувчи меҳнатини қадрлаш, таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириш борасидаги қулай шарт-шароитларнинг яратилиши устоз-муаллимларнинг кўнглини кўтарди. Биргина 2018 йилнинг ўзида республикамиз умумтаълим мактабларида 16 мингдан зиёд ёш мутахассис иш фаолиятини бошлади. Давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорларида педагог-ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, тизимда энг замонавий, илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларни татбиқ этиш муҳим вазифа сифатида қўйилди. Дарҳақиқат, ўқитувчилик касбида чуқур билимдонлик, зукколик, ўз касб маҳоратини мунтазам шакллантириб боришга иштиёқ бўлмас экан, у яхши устоз-ўқитувчи бўла олмайди.

Бугунги мустақиллик шароитида ўқитувчилик касбига бўлган эътибор ва эҳтиёж ҳар қачонгига нисбатан ортиб бормоқда. Энди ўқитувчи олдига қўйиладиган талаблар ҳам ўзгача бўлмоқда. Чунки бугун Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳонга юз тутар экан, бу борада педагог-ўқитувчиларнинг ўз ўрни борлигини унутмаслик лозим. Шундан келиб чиқиб, бугун қайта тайёрлаш ва малака ошириш масалаларига замон талабларига мувофиқ ижодий ва комплекс ёндашиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Ўқитувчиларга бир қанча енгилликлар берилди. Хусусан, ортиқча ҳужжатбозлик, мажбурий хизматларга жалб қилиш йўқ қилинди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирги гуллаб-яшнаётган мустақил замонамизда  ўқитувчиларимиз орасида ҳам ўзининг меҳнати ва жонкуярлиги билан обрў топаётганлар кўпайиб бораётганидан ғоятда миннатдормиз.

Раҳматулла ЮЛДАШЕВ, 43-мактабнинг ММИБ директор ўринбосари.