ФИДОЙИЛИК БИЛАН ИШЛАШГА УНДАЙДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги барча таълим соҳаси вакилларини бениҳоя хурсанд этмоқда. Айниқса, ушбу лойиҳа кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниб, яна қўшимча таклифлар киритилиши айни муддаодир. Бу Фармон лойиҳасига мен ўзим ҳам депутат, ҳам таълим муассасаси раҳбари сифатида бир қатор таклифлар бердим. Жумладан, техникумларга қабул килишда 11-синфни тамомлаган ўқувчиларнинг ота-онасиз чин етим, ногиронлиги бор оила фарзандларига  грант асосида ўқишларига шароит яратиш кераклиги ҳақида таклиф киритдим. Зеро, Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурининг асосий мақсадларидан бири аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашдир.  Ушбу таклиф муҳокамасидан ота-оналар ҳам жуда мамнун бўлишди, чунки Президентимизнинг ушбу Фармони орқали биринчи галда ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари, берган билимларига қараб ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш борасида кенг имкониятлар очилади ҳамда таълим даргоҳининг ҳам моддий техника базасини янада мустаҳкамлаш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, ислоҳотларни янада жадаллаштириш имконияти яратилади. Хулоса қилиб айтганда, бу Фармон жуда долзарб, барчага бирдек зарур, деб ўйлайман. Таълим соҳаси вакилларини ўз ишларига янада масъулият билан ёндашиб, келгуси фаолиятларида ижобий ўзгаришлар ясашга, фидойилик билан меҳнат қилишга чақираман.

Нафиса МАМАСОЛИЕВА, вилоят Кенгаши депутати, Уйчи спорт техникуми директори.