ЁНАЁТГАН ХАЗОН – БАРЧАГА ЗИЁН

Мутахассислар берган маълумотга кўра, бир тонна хазон ёқилиши натижасида атмосфера ҳавосига 30 килограмм углерод оксиди чиқади. Хазон ёқилиши натижасида эса инсонларда нафас йўли касалликлари ва бошқа хасталиклар юзага келади. Ўзбекистон Республикаси назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгашининг 2005 йил 28 декабрдаги 6-сонли йиғилиш қарорининг 12-бандига мувофиқ дарахтлар баргларининг ёқилиши ҳамда кўп қаватли бинолар томларида очиқ аланга олдириб, битум эритиш, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши юзасидан ҳолатлар аниқ-ланган тақдирда, ҳудудий кенгашлар рухсатисиз хўжалик юритувчи субъектларга кириш ва қонунбузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилиши белгилаб қўйилган. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик тўғрисидаги 88-моддасининг 3-бандида дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббалар ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса – фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч баробаридан беш баробаригача, мансабдор шахсларга эса беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

А.АЗИМОВ,

Н.ҲАМДАМОВ, туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясининг инспекторлари.