ЎЗИНГИЗ, ОИЛАНГИЗ ВА ЖАМИЯТНИ ОИВДАН САҚЛАНГ!

ОИВ – одам иммун танқислиги вируси бўлиб, инсон организмида иммун танқислигини келтириб чиқаради, касаллик белгилари намоён бўлмайди. Бу вақтда зарарланган шахс вирус ташувчи ҳисобланади ва кейинчалик ОИТС – орттирилган иммунитет танқислиги синдроми юзага келади. Бунда инсон организмининг турли хил касалликларга бардош бериш хусусияти йўқолади.

Касаллик вируси турли йўллар орқали организмга тушгандан сўнг одам узоқ вақт, ўртача 3 ойдан 5-10 йил ва ундан ҳам кўпроқ муддатгача соғлом кўриниши мумкин ва бу ҳолатда атрофдагиларга вирус юқтириш хавфи юқори бўлади. Бу муддатни касалликнинг яширин даври деб аталади. Касаллик ОИВ ҳолатидан ОИТС ҳолатига, албатта, ўтади. Одамда иммун тизими фаолияти бузилиши натижасида организмнинг турли микробларга қарши курашиш қобилияти бутунлай камайиб, йўқолиб кетади. Натижада дуч келган микроорганизмлар, вирус ва замбуруғлар турли касалликларни келтириб чиқаради. Беморнинг касалликдан тузалиши қийин бўлади ва охир-оқибат унинг тақдири ўлим билан якунланади.

Касаллик одамга вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари қуйилганда, яхши зарарсизлантирилмаган соқол олиш ускуналаридан бир неча киши фойдаланганда, аёллар маиший хизмати салонларида: яъни маникюр, педикюр қилиш пайтида, гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаганда, гиёҳванд моддани қон томирига юборишда умумий шприц ва игнадан фойдаланилганда, касалланган онадан ҳомиладорлик пайтида ҳомилага, туғруқ жараёнида ва кўкрак сути билан эмизганда юқади.

ОИВ вируси бемор билан қўл бериб сўрашганда, йўталганда, аксирганда, умумий идиш-товоқдан фойдаланилганда, касалхонага беморни кўргани борилганда, қон сўрувчи ҳашаротлар чаққанда, умумий ҳожатхонадан фойдаланилганда, сув ҳавзасида, ҳаммомда бирга чўмилганда, бир телефондан фойдаланилганда, бир идишдан овқатланганда юқмайди.

Мабодо, ўзингизга ОИВ юқиб қолди, деб ўйласангиз, нима қилиш керак? Бундай ҳолларда, энг аввало, тушкунликка тушмасдан вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва барча туман марказий поликлиникалари қошидаги «Ишонч хона»ларига мурожаат қилинг.

Ҳошимжон АБДУРАҲМОНОВ,

Аъзамжон РАҲИМОВ,

Гулхумор МАМАЖОНОВА,

вилоят ОИТСга қарши кураш маркази врачлари.