ҲИБСГА ОЛИШ ЖАРАЁНИ ВИДЕОГА ОЛИНАДИМИ?
Давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонун имзоланди.
Эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар шахсга нисбатан ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чоралари қўллангани ҳамда унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида оила аъзоларини ёхуд бошқа яқин кишиларини дарҳол хабардор қилишга мажбурдирлар. Илгари ушбу мажбурият ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан 24 соат ичида амалга оширилар эди.
Маълумки, Жиноят процессуал кодексининг 91-модасига мувофиқ, ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса жойида текшириш, тергов эксперименти тарзидаги процессуал ҳаракатлар видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этилиши шарт бўлган. Эндиликда ушбу процессуал ҳаракатлар қаторига шахсни ушлаш, ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш ҳаракатлари ҳам қўшилди.
Шахс видеоёзув воситаларини қўллаш имконини бермайдиган турли вазиятларда ушланиши мумкинлиги инобатга олиниб, кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда шахсни ушлаш, шахсий тинтув ва олиб қўйишни видеоёзув орқали қайд этмасдан ўтказишга йўл қўйилиши белгиланди. Бундай ҳолларда ушланган шахснинг ҳуқуқлари у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган биносига олиб келинганидан сўнг видеоёзувга қайд қилган ҳолда тушунтирилиши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Бироқ амалиётда шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг биносида ушлаш олдиндан режалаштирилишини инобатга олиб, қонунда шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биносида видеоёзув орқали қайд этмасдан туриб ушлашга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.
Қонунда ушланган шахснинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида унга ушлаш жараёни қайд этилган видеоёзув намойиш қилиниши шартлиги белгиланди.
Янги Қонунга кўра, бундан буён ҳимоячидан воз кечиш жараёни ҳам видеоёзув орқали қайд этилади. Бунда ҳимоячининг ҳимоясидаги шахс билан ҳоли учрашиши видеоёзув орқали қайд этилишига йўл қўйилмаслигига оид норма мустаҳкамланди. Ушбу қоидалар гумонланувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимоячидан воз кечиши билан боғлиқ, муаммоларни бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонун жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Аброр ТЎЙЧИЕВ,
туман прокурорининг ёрдамчиси,
Муҳаммадаюбхон ИБРОҲИМОВ, Учқўрғон туман прокурорининг ёрдамчиси.

