«ОЧИҚЛИК ВА ШАФФОФЛИК: ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ ОАВ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР, БЛОГЕРЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИГИ»
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди давлат грантининг «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» – қонун устуворлиги ва жамоатчилик назоратини таъминлашда демократик институтларининг фаоллигини қўллаб-қувватлаш» мавзусидаги танловида эълон қилинган «Давлат органларининг оммавий ахборот воситалари, интернет, ижтимоий тармоқлар, блогерлар билан яқин ижтимоий ҳамкорлигини йўлга қўйиш» йўналишига асосан «Уйчинома» газетаси таҳририятининг «Агар огоҳсен сен…» мавзусидаги лойиҳаси ғолиб деб топилган эди.
Мазкур лойиҳа доирасида туман ҳокимлигида «Очиқлик ва шаффофлик: давлат органларининг ОАВ ва ижтимоий тармоқлар, блогерлар билан ҳамкорлиги» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда бир қатор давлат идоралари раҳбарлари, ОАВ ва блогерлар қатнашдилар. Матбуот анжуманини лойиҳа раҳбари Муҳаммадали Қамбаров очди ва бошқариб борди.
Маълумки, 2014 йил 5 майда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган. Ушбу Қонуннинг асосий мақсади давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Аввало, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиши ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлашдир. Шу билан бирга, мазкур қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилайди.
Матбуот анжуманида туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Баҳодир Қодиров «Очиқлик ва шаффофлик: давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги тўғрисида» маъруза қилди.
Туман адлия бўлими бошлиғи Ҳалимжон Қобилов «Мурожаатларни кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари ва туман адлия бўлими томонидан кўриб чиқилган мурожаатлар таҳлили»бўйича маълумот берди.
Матбуот анжуманида иштирокчилар ҳамда блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди, келгусида давлат идораларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Улуғбек МАҲКАМОВ,
туман Кенгаши депутати.

